Ўзбекистон | 08:31 / 08.04.2022
6463
3 дақиқада ўқилади

«Суд экспертизаси тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Getty Images/ William Whitehurst

Янги таҳрирдаги “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳа билан амалдаги “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга бир қатор янги моддалар ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Лойиҳада суд экспертининг касб этикаси қоидалари, махсус билимлар, мутахассис фикри, валидация, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти, хусусий суд эксперти, суд эксперти аттестацияси, суд-экспертиза муассасалари (ташкилотлари) ва суд экспертларининг давлат реестри ҳамда суд эксперти қасамёди кабилар белгиланмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд экспертизаси хулосаларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилишини таъминлаш ҳамда суд экспертизаси фаолияти янада ишончлилигини ошириш мақсадида илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот) ўз фаолият йўналиши бўйича экспертлик фаолиятини амалга ошириши ҳамда суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар мутахассисларининг ҳуқуқий мақомлари қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган давлат ва нодавлат суд экспертларига нисбатан таъсир чоралари қўллашнинг аниқ мезон ва механизмларини белгилаш, суд экспертларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатлар адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида давлат суд-экспертиза муассасалари ҳузуридаги малака комиссияси ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертлари ва хусусий суд экспертлари малака комиссиялари ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Келгусида суд экспертизаси соҳасида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши олдини олишни таъминлаш мақсадида суд экспертига иш материаллари юзасидан экспертиза ўтказишга доир чекловлар қайд этилмоқда.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Адлия вазирлигининг суд-экспертлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва хусусий экспертлари бирлашмасини ташкил қилишга доир муносабатлар тартибга солинмоқда.

Қонун лойиҳаси билан давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга оширилган суд экспертизаси хулосаси бўйича қўшимча ва қайта суд экспертизаси, комиссиявий ва комплекс суд экспертизалари нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Мавзуга оид