Ўзбекистон | 12:10 / 11.04.2022
15767
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Украинага инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Украина ғарбидаги Карпаторти вилояти Ўзбекистондан 34 тоннадан ортиқ миқдордаги инсонпарварлик ёрдамини қабул қилди. Унинг таркиби — дори-дармонлар, индивидуал аптечка ва узоқ муддат сақланувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.

Фото: Карпаторти вилояти маъмурияти

Украина 8 апрель куни Ўзбекистондан инсонпарварлик юклари қабул қилган. Бу ҳақда Карпаторти вилояти маъмурияти хабар берган.

Ҳудуд раҳбари Виктор Микитанинг сўзларига кўра, ҳажми 34 тоннадан ортиқ бўлган юк областдаги Европа гуманитар ҳабларидан бирига етиб келган. Унинг таркибидан дори-дармонлар, индивидуал аптечка (дастлабки ёрдам учун энг зарур дорилар тўплами), узоқ муддат сақланувчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар ўрин олган.

«Гуманитар ёрдам дарҳол қайноқ нуқталарга юборилади», — деган ҳудуд маъмурияти раҳбари.

Виктор Микита Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатган ёрдами ва Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенкога мувофиқлаштириш ва самарали гуманитар йўлак учун миннатдорчилик билдирган.

«Ишончим комилки, бу алоқалар бизга янада самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради», — деган у.

Мавзуга оид