БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маблағ етишмаслиги сабабли Ғазо секторида инсонпарварлик озиқ-овқат ёрдамини қисқартирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди. Ушбу қадам оқибатида 500 мингга яқин киши ойлик озиқ-овқат кўмагисиз қолади.

Ташкилотнинг маълум қилишича, Ғазо секторида ойлик ёрдам олувчилар сони 1,6 миллион кишидан 1,1 миллионгача камаймоқда. WFP маълумотларига кўра, 1,4 миллионга яқин одам — Ғазо сектори аҳолисининг учдан икки қисми — ўткир озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда.

Австралия телерадиоэшиттириш корпорацияси (ABC) қайд этишича, илгари иккита озиқ-овқат тўпламини олган оила энди битта олади, ун қопининг вазни камаяди, озиқ-овқат тўплами сони эса 40 фоизга қисқаради. Бундан ташқари, бориш қийин бўлган ҳудудлар, жумладан, «сариқ чизиқ» яқинида (Исроил ҳарбийлари назорати остидаги ҳудудлар билан чегарада) яшовчи аҳолига иссиқ тушлик ҳар куни эмас, кунора тарқатилади.

Ташкилотдагиларнинг таъкидлашича, ҳозир ушбу ҳудудда, шунингдек, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида гуманитар амалиётларни давом эттириш учун яқин олти ойга 450 миллион доллар етишмаяпти. WFP директори вазифасини бажарувчи Карл Скаунинг сўзларига кўра, қисқартиришга озиқ-овқат олиб кириш бўйича қандайдир чекловлар эмас, балки айнан пул танқислиги сабаб бўлган. Унинг қайд этишича, дастурнинг анъанавий донорлари — АҚШ ва Европа давлатлари — молиялаштиришни кескин қисқартирган, Ғазо, Судан ва Ямандаги бир вақтда кечаётган инқирозлар фонида эса WFP эҳтиёжлари, аксинча, ортган.

У шундай деди: «Ҳозир биз бутун дунёга мурожаат қилмоқдамиз: айни дамда юз ўгириб кетиш мумкин эмас. Айни пайтда инсонпарварлик ёрдамини сақлаб қолиш, эришилган натижаларни ҳимоя қилиш ҳамда ҳудуднинг тезроқ тикланишига кўмаклашиш учун саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарур».