Хоннинг лавозимдан четлатилиши ортидан 11 апрелда парламент қуйи палатасида ўтган овоз бериш жараёнида «Покистон мусулмонлари лигаси» партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг янги бош вазири қилиб сайланди.

Мамлакатдаги бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Покистон билан боғланган кўплаб иқтисодий лойиҳаларига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида гаплар чиқди.

Kun.uz мухбири шарқшунос-афғоншунос олим Шоислом Акмалов билан айни мавзу таҳлили юзасидан интервью уюштирди.

Унда шунингдек, Ўзбекистонни океанга чиқариши мумкин бўлган «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темирйўлининг режаси, Ҳиндистон билан ҳамкорлик алоқалари ҳамда Афғонистондаги вазият бўйича ҳам сўз боради.

— 10 апрел куни минтақадаги энг эътиборга сазовор воқеалардан бири Покистон парламенти бош вазир Имрон Хоннинг лавозимидан кетказилиши бўлди. Покистондаги сўнгги воқеаларни қандай шарҳлайсиз?

— Шаҳбоз Шариф Покистон мустақилликка эришган 1947 йилдан буён 29-бош вазир бўлди. Имрон Хоннинг ҳокимиятдан четлатилиши борасида эса бир қанча фаразлар бор. Масалан, Имрон Хон ўзининг ҳокимиятдан кетказилишида гўёки АҚШнинг қўли бор демоқда. Бу фараз қанчалик тўғрилигини эса вақт кўрсатади.

Мен бу масалани бошқа томондан таҳлил қилган бўлардим. Эътибор беринг, АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистонда 20 йил турди. Ўтган йили эса Афғонистондаги сиёсий вазият кескин ўзгарди ва ҳокимият тепасига Толибон келди.

Имрон Хон ҳокимиятда турган йиллардан бошлаб эса Покистоннинг АҚШ билан муносабатлари совуқлаша бошлади. Бу расмий Исломободнинг минтақа ва жумладан, Афғонистондаги роли билан боғлиқ. Бундан ташқари, Имрон Хон Жанубий Осиёда кўпроқ мустақил ҳаракат қила бошлади. 

Шунингдек, Афғонистонда «Толибон»нинг ҳокимиятга келишида Покистоннинг роли ҳам бу вазиятда аҳамиятли. Тўғри, расмий Исломобод буни тан олмайди, лекин бу кўплаб давлатларда гапирилмоқда. Яъни, минтақа ва Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни жадаллаштириш йўлидаги ҳаракатлар Имрон Хоннинг келажагига таъсирини ўтказмай қўймади.

Унинг Россия Украинада «махсус ҳарбий амалиёт» бошлаган 24 феврал куни Москвага ташриф билан бориб қолиши ва имзоланган қатор шартномалар ҳам қайсидир маънода Имрон Хонни лавозимидан кетишига сабаб бўлди, дейиш мумкин.