Маълумки, 7 август куни бутун дунё мусулмонлари учун муқаддас Макка шаҳрида, Каъба фонида учта йирик мусулмон давлати: Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон “Макка пакти”ни имзолаган эди. Пактга кўра, иштирокчи давлатлардан бирига қилинган ташқи ҳужум учала давлатга ҳам қилинган ҳужум деб ҳисобланади.

Бу пакт имзоланганда, кўпчилик “ҳали бу пакт ҳаётда қандай ишлайди, ташкилотга айлана оладими?” деган саволларни қўйишган эди. Бундай ишончсизлик учун тарихий асослар жуда кучли эди. Лекин орадан уч ҳафта ўтиб, 31 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бу давлатларнинг ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари иштирокида ташкилот тузиш борасидаги келишув имзоланди. Демак, энди “Макка пакти” – бу шунчаки уч давлатлар ўртасидаги давлатлараро келишув эмас, балки “Макка мудофаа алянси” номли тўлақонли мудофаа ташкилотига айлана бошлади. Асосий келишувлар қандай?

Биринчидан, Макка мудофаа алянсининг штаб-квартираси Саудия пойтахти Ар-Риёд шаҳрида жойлашади, котибиятда кўплаб ходимлар доимий ишлайди.

Иккинчидан, ташкилотнинг асосий координатори – бош котиб бўлади, у ҳар уч йилда аъзо давлатлардан ротация асосида сайланади. биринчи бош котиб – Покистон вакили бўлиши келишиб олинди.

Учинчидан, Макка мудофаа алянси аъзо давдатларнинг мудофаа салоҳияти, армияларнинг жанговорлик ҳолати, ҳарбий саноат ва бошқа хавфсизлик масалаларида уч давлат имкониятларини бирлаштириб, ошириб боради. Бошқача қилиб айтганда, Макка пакти – давлатлар ўртасида тўлақонли хавфсизлик ва мудофаа потенциалини бирлаштириб боради.

Мезбон Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Покистон ва Саудия Арабистони вазирлари ва генераллари билан. 2026 йил 31 август, Истанбул / Фото: Anadolu Agency

Эътиборлиси, уч ҳафта ичида Макка пактига аъзо давлатлар ташкилот тузишга келишиб олишди ва ташкилот фаолиятини бошлаб юборди. Тарихий мезонлар билан ўлчаганда, вазият жуда тез ўзгараяпти. Бу уч давлат ниҳоятда шошиляпти. Нега? Улар нимадан хавотирда? Уларни қайси давлатлар ёки кучлар қўрқитди, қўрқитмоқда?

Кейинги уч йил ичида Туркия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда таранглашди. Чунки Туркия Исроилнинг Ғазодаги геноцидига қараб тура олмади, танқид қилди. Бу танқидлар Исроилга ёқмади. Шу сабаб, Исроил элитаси “Туркия – бу Исроил учун янги Эрондир”, яъни “энг асосий душмандир” деган концепцияни олдинга сурди.