Ўзбекистон | 11:01 / 20.04.2022
10003
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда мактаб ўқувчиларини саёҳатга олиб борган автобуслар иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Колонна бўлиб юрган автобуслардан бири оралиқ масофани сақламаган ҳолда ҳаракатланган ва ўзидан олдинда кетаётган бошқа автобус билан тўқнашган.

Видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 17 апрел куни соат 17:00 ларда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳудудидан ўтган 1018-километрида ичида мактаб ўқувчилари бўлган иккита автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

“Ойбек омад транс” МЧЖга қарашли автобус ҳайдовчиси мактаб ўқувчиларини Самарқандга ташкил этилган саёҳатдан Жиззахга қайтариб олиб келаётганда оралиқ масофани сақламаган ҳолда ҳаракатланиб, ўзидан олдинда кетаётган “Жиззах автотранс сервис” МЧЖга қарашли SAZ русумли автобусга бориб урилган.

Оқибатда Шароф Рашидов тумани халқ таълими бўлимига қарашли 10-мактабда таҳсил оладиган икки нафар ўқувчи енгил тан жароҳати олган. Уларга республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах вилояти филиалида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ЙТҲ иштирокчилари бўлган автобусларни Зарбдор тумани ХТБга қарашли 2-мактаб раҳбарияти ёллаган ва улар ўқувчиларни ўзбошимчалик билан тегишли давлат органларининг рухсати ҳамда кузатувисиз саёҳатга олиб боришган.

Қайд этилишича, вилоят ХТБ томонидан масъулиятсизлик қилган мактаб директорларига огоҳлантириш берилган ва айрим ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳайдовчига ҳам МЖтКнинг тегишли моддалари билан чора кўрилган.

2019 йил 29 апрел куни, Ўрта Чирчиқ туманида ўқувчиларни Бухорога саёҳатга олиб бориб қайтаётган автобус ЙТҲ содир этиб ёниб кетганди. Ўшанда автобусда бўлганлар зудлик билан эвакуация қилинган ва ҳеч ким жароҳат олмаганди.

Мавзуга оид