Очарчилик тушунчаси ҳақида: оммавий очарчилик бу ижтимоий ҳалокат бўлиб, у озиқ-овқатнинг узоқ муддат етишмовчилиги ва бунинг ортидан катта ҳудудларда кўпчилик аҳоли қирилиб кетишидир.
Бугунги вазият
2010 йилга қадар очарчилик мунтазам камайиб борган. Аммо шундан кейин яна тескари жараён бошланди ва очликдан қийналаётганлар сони оша бошлади. 2020 йилга келиб эса сўнгги 15 йилдаги энг юқори кўрсаткичлар қайд этилди – дунё аҳолисининг ўндан бири (9,9 фоизи) ёки 811 млн инсон тўйиб овқатланмаслик азобига мубтало бўлди. Бу 2019 йилга нисбатан 161 млн кишига кўпроқ кўрсаткич бўлиб, очарчилик ортидан ўлимлар сони ҳам кескин ошиб кетди.
Кўпчиликнинг хаёлига очарчилик деганда Африка қитъаси келади. Аммо оч-наҳорлар сони бўйича Осиё биринчиликда – 418 млн аҳоли. Кейинги ўриндаги Африка қитъасида 282 млн одам элементар озиқ-овқатга зор бўлса, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси вакилларидан 60 млн нафари тўйиб овқатланишни орзу қилиб яшайди.
Бу жараёнларни мунтазам мониторинг қилиб борувчи Oxfam ташкилоти маълумотларига қараганда 2020 йилда очлик асоратларидан ўлим кўрсаткичлари 6 баробарга ортган ва ўлимга олиб келувчи сабаблар ўртасида COVID-19’дан ўтиб кетган.
Бу ҳали абсолют, яъни мунтазам очлик ҳақидаги маълумотлар. Сўнгги жиддий тадқиқотлар олиб борилган 2020 йил якунлари бўйича Ер шари аҳолисининг 30 фоизи, ёки 2,3 млрд киши тиббиёт томонидан тасдиқланган нормалар бўйича овқатланиш имкониятидан маҳрум. Яъни одамзоднинг учдан бири егуликлар билан керакли миқдорда таъминланмаган, нисбий очликдан азият чекади.
Коронавирус забтига чиққан ва якуний тадқиқотлар эълон қилинмаган 2021 йилда ҳамда дунёдаги ғалланинг салмоқли қисмини етиштирувчи Россия ва Украинанинг ўзаро зиддияти, санкцияларга қоришган 2022 йилда ҳам бу муаммо янада авж олишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Даҳшатли рақамлар
Очарчиликнинг энг даҳшатли оқибати – бу унинг ортидан аҳолининг оммавий қирилиб кетишидир. Инсоният тарихи сатрлари мунтазам очлик билан ёзиб борилган ва бу муаммо миллионлаб одамлар ёстиғини қуритган.
Бугунги кунда тўқлик рамзига айланган Европа ҳам бир неча бор жиддий очарчиликни бошдан кечирган. Улардан дастлабки қайд этилганлари 1030-1032 йилларда Францияга тўғри келади. Одатда ўша даврда ҳар 8-10 йилда бир марта камҳосил давр кузатилган. 1125 йилда ҳозирги Германия ҳудудида кузатилган очарчилик аҳолининг ярмини қириб юборган.
















