Ўзбекистон | 07:36 / 17.05.2022
6957
3 дақиқада ўқилади

Қибрайда банк ходими билан тил бириктирган фуқаро 1 млрд сўм кредит маблағини талон-торож қилди

Узун, Денов ва Қибрай туманларида кредит маблағи эвазига харид қилинган жиҳоз ва ускуналар сотиб юборилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Узун туман бўлими томонидан АТБ “Микрокредитбанк” Узун филиалининг мурожаатига асосан  терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “A.S.” оилавий корхонаси ва “CH.S.” МЧЖ норасмий раҳбарлари Ё.Э. ва О.Т. ўзаро тил бириктириб, автосервис хизмати ва мебель ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун банк филиалидан жами 450 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, талон-торож қилгани аниқланган.

Шунингдек, банк филиали масъул шахслари аслида олиб келинмаган жиҳозлар олиб келингани ҳақида дастлабки мониторинг далолатномаларни тузгани оқибатида, кредит маблағлари ўз вақтида қайтарилмасдан банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани аниқланиб, текширув давомида етказилган зарарнинг 30 млн сўми ундирилиши таъминланган.

Шу каби, Денов туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “A.S.” хусусий корхонаси раҳбари А.Т. “Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш” учун ҳудудий банк филиалидан ажратилган 300 млн сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига харид қилинган ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб юбориб, кредит маблағини талон-торож қилгани аниқланган.

Бундан ташқари, Қибрай туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “I.G.” МЧЖни норасмий бошқариб келган Ш.Ж. АТБ “Микрокредитбанк” Тошкент вилояти филиали кредит бўлими бошлиғи Ў.М. билан ўзаро тил бириктириб, МЧЖ раҳбари Ш.нинг хабардорлигисиз қалбаки ҳужжатлар асосида ушбу банк филиалидан айланма маблағларни тўлдириш учун 1 млрд сўм кредит ажратилишига эришиб,  кредит маблағини талон-торож қилиб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид