Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сергели тумани бўлими тижорат банкларидан биридаги йирик миқдордаги талон-торож ҳолатини аниқлади.

Департамент маълумотига кўра, терговга қадар текширув давомида банкнинг масъул шахслари фуқаро И.М. томонидан омонатга қўйилган 500 минг АҚШ долларининг 300 минг долларини ўзлаштиргани аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, маблағни олиш учун омонат эгаси номидан қалбаки ариза ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилган. Шу тариқа омонатдаги маблағнинг катта қисми талон-торож қилингани айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 228-моддаси — ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда иш доирасида гумонланувчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, маблағларнинг ҳаракатини аниқлаш ва воқеага алоқадор бошқа шахсларни белгилашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расмий хабарда тижорат банкининг номи ва гумонланувчи масъул шахслар ҳақидаги бошқа маълумотлар очиқланмаган.