Жамият | 17:24 / 20.05.2022
19234
3 дақиқада ўқилади

Амир Темур хиёбонида картошка экишини айтган йигит ва унинг шериги 15 суткага қамалди

Ижтимоий тармоқларда пойтахт марказидаги хиёбонда бир йигитнинг Амир Темур ҳайкали ёнида турганича майдонда картошка экишини, дарахтларни кесиб сотишини айтган видеолавҳа тарқалди. Ҳайкалга қарата: “Мана бу амакига пул берамиз, оти билан ерларни ҳайдаб беради”, деган йигит ва унинг шеригига суд ҳукми ўқилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳар суди матбуот хизматига кўра, А.И. (1989 йил Тошкент вилоятида туғилган) ва С.М. (1991 йил Тошкент вилоятида туғилган) ҳуқуқбузарлар деб топилган.

Видео 17 май куни соат 23:20 лар атрофида олинган. Суд хулосасига кўра, улар “ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этган” пайтда алкоголли ичимлик таъсиридан маст бўлган.

“Бу икки фуқаро жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ИИО ходимлари эътиборини тортган. Натижада ИИО ходимлари томонидан шахсларига аниқлик киритиш мақсадида улар ИИБ биносига таклиф этилган. Бироқ, жамоат тартибини бузаётган бу икки фуқаро ИИО ходимларини уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, уларнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортган”, – дейилади хабарда.

Ҳар икки фуқарога нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан шу кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 7 апрелида бир гуруҳ ёшлар пойтахтдаги Амир Темур ҳайкалидан коронавирус қачон кетишини сўрагани учун, 2021 йил 10 май куни икки йигит Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали олдида Алишер Навоий шахсига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун 15 суткадан қамоқ жазосига тортилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 30 июн куни Ўзбекистон ёшлари билан учрашиб, ўз нутқида ижтимоий тармоқларда шуҳрат қозониш учун номуносиб ҳаракатлар қилаётган ёшлар бўйича ҳам тўхталганди:

“Керак бўлса, халқимизнинг муқаддас қадриятлари, тимсоллари ва табаррук қадамжоларига беписанд муносабатда бўладиган кимсаларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтирамиз. Бундай бузғунчи ишларнинг олдини бугун олмасак, эртага кеч бўлади. Тарихимизга, Навоий бобомизга, Мотамсаро онамизга тош отишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нега бундай ҳаракат қилганларга жамоатчилик кескин муносабат билдирмаяпти?! Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун жавобгарликни кучайтириш керак”, – деганди давлат раҳбари.

Мавзуга оид