Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотига кўра, пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида Амир Темур хиёбони атрофи ва унга туташ чорраҳаларда аввалроқ 5 та янги светофор объекти ўрнатилган эди.

Эндиликда уларнинг барчаси ўзаро синхронлаштирилиб, икки йўналишда «Яшил тўлқин» режимида ишламоқда.

Биринчи йўналишда Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасида светофорнинг яшил сигналида ҳаракатни бошлаган автомобил Амир Темур хиёбони атрофидаги айланма чорраҳадан ўтиб, Олой бозори томон светофорларда ортиқча тўхтамасдан ҳаракатланиши мумкин.

Қарама-қарши йўналишда эса Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан Амир Темур кўчаси бўйлаб келаётган автомобиллар айланма чорраҳадан ўтиб, Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасигача «Яшил тўлқин» режимида ҳаракатланиши мумкин.

«Яшил тўлқин» барча светофорларда яшил чироқ бир вақтда ёнишини англатмайди. Тизим автомобилнинг муайян йўл қисмини босиб ўтиши учун зарур вақтни ҳисобга олади ва кейинги светофорларда яшил сигнал шунга мувофиқ вақт оралиғи билан ёнади.

Шу боис ҳайдовчи йўналишга яшил сигналда кириб, белгиланган тезлик меъёрида бир маромда ҳаракатланса ва йўлда транспорт оқими эркин бўлса, кейинги светофорларга ҳам яшил сигнал вақтида етиб бориши мумкин.

Марказ «Яшил тўлқин» тизими тезликни ошириш учун эмас, балки транспортнинг ягона ва хавфсиз ритмда ҳаракатланиши учун жорий этилганини таъкидлади. Ҳайдовчилардан тезлик меъёрига риоя қилиш, кескин тезлашиш ва тормозлашдан сақланиш, хавфсиз оралиқ масофани сақлаш ҳамда пиёдаларга йўл бериш сўралган.

Янги тизим орқали светофорлар олдидаги ортиқча тўхташларни камайтириш, транспорт оқимини бир маромга солиш, чорраҳалардаги навбатлар ва кутиш вақтини қисқартириш кутилмоқда. Шунингдек, кескин тезлашиш ва тормозлашлар камайиши ҳисобига ёнилғи сарфи ва зарарли чиқиндилар ҳажмини қисқартириш мақсад қилинган.

Кейинги босқичда Амир Темур хиёбонидаги айланма чорраҳадан Махтумқули кўчасигача бўлган йўналишни ҳам «Яшил тўлқин» тизимига улаш режалаштирилган. Ҳозирда мазкур участка учун тегишли алгоритм ишлаб чиқилмоқда.