Жаҳон | 16:38 / 27.05.2022
6775
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик ёзувчи Гитанжали Шри Букер мукофотига сазовор бўлди 

Гитанжали Шри — учта роман ва бир нечта ҳикоялар тўплами муаллифи. Унинг асарлари инглиз, француз, немис, серб ва корейс тилларига таржима қилинган.

Фото: David Cliff / AP / TAS

Ҳиндистонлик ёзувчи Гитанжали Шри адабиёт бўйича халқаро Букер мукофоти лауреати бўлди.

У Tomb of Sand («Қум қабр») асари учун ушбу мукофотга лойиқ деб топилди. Романдаги воқеалар шимолий Ҳиндистонда бўлиб ўтади. Бош қаҳрамон – эрининг ўлими ва қизи билан оғир муносабатлар туфайли тушкунликка тушган 80 ёшли аёл. У Покистонга боради, у ерда оғриқли хотиралар билан яшайди, лекин якунда қувончнинг янги манбаларини топади.

Китобни Дейзи Роквелл инглиз тилига ўгирган, у ҳам таржима учун Букер мукофотига сазовор бўлди. «Қум қабр» — ҳинд тилидан инглизчага ўгирилган ва бу мукофотга лойиқ топилган биринчи роман.  

Гитанжали Шри — учта роман ва бир нечта ҳикоялар тўплами муаллифи. Унинг асарлари инглиз, француз, немис, серб ва корейс тилларига таржима қилинган. Шри 1957 йилда Майнпури шаҳрида туғилган. У ҳозирда Ню-Деҳлида яшайди.

Мавзуга оид