Донбассликлар россияликлар зарбаларидан вайрон бўлган уйлари харобаларидан лаш-лушларини йиғиштиришмоқда, 2022 йил 1 июн

Ҳимояланувчи кучларнинг тезда тор-мор бўлиши хавфи ўрнини россияликларнинг чекиниши ва украин қаршилиги кучайиши эгаллади. У ҳам ўз навбатида, Россиянинг Украина шарқида нисбатан йўналтирилган юришларига ўрнини бўшатиб берди.

Уруш бошланганидан буён юз кун ўтди. Ҳозир бу уруш қачон тугаши ҳақида гапириш мумкинми? BBC дипломатик корреспонденти Жеймс Лэндейл шу ҳақда фикр юритди.

Бу борада бирданига бешта эҳтимолий сценарийни келтириш мумкин, улар бир-бирини истисно қилмайди, шу билан бирга, ишончлилик доирасида қолади.

1. Узоқ давом этувчи вайронгарчилик уруши

Украин ва рус ҳарбийлари бир-бирини мунтазам равишда қиришга куч топа олар экан, уруш яна ойлар ва ҳатто йилларга чўзилиши мумкин.

Томонларнинг бири тактик мағлубиятга учраши ёки муваффақиятга эришиши билан вазият ўзгариб туради. Аммо томонларнинг ҳеч бири таслим бўлишни истамайди. Россия президенти стратегик чидамлилик намойиш этиб, Ғарб Украинага ёрдам беришдан чарчаб, ўз иқтисоди ва Хитой таҳдиди билан шуғулланишга эътибор қаратишини кутган ҳолда муваффақиятга эришиш мумкин деб ҳисоблайди.

Ғарб эса ҳозирча қатъийлик кўрсатмоқда ва Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда давом этмоқда. Жанг майдонида амалда фронт чизиғи шаклланган, уруш аста-секин «адоқсиз уруш» позициясига ўтмоқда.

Россияпараст кучлар Донецк областидаги Ясиноватаядаги украин позицияларини ўққа тутмоқда

«Яқин истиқболда мен томонлардан бирининг батамом тактик ёки стратегик ғалабага эришиш имкониятини кўрмаяпман. Урушувчи томонларнинг ҳеч бири ҳал қилувчи стратегик зарба беришга қодирлигини намойиш эта олмади», деган австралиялик истеъфодаги генерал Мик Райан. 

2. Путин сулҳ эълон қилади

Путин барчани ҳайратда қолдириб, бир томонлама тартибда ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилса-чи? Шу тариқа, у эгаллаб олинган ҳудудларда мустаҳкамланиб, ғалаба ҳақида ҳам эълон қилиши мумкин.