08:53 / 06.06.2022
11738

Ryanair ЖАР фуқароларини парвоздан олдин африкаанс тилида имтиҳондан ўтишга мажбурламоқда - ОАВ

Жанубий Африка паспортига эга йўловчилар африкаанс тилида умумий билим имтиҳонидан ўта олмаса, Ryanair рейсларига чиқиши рад этилмоқда, деб хабар берди Financial Times.

Фото: DPA

Ирландиянинг Европадаги энг йирик лоукостер авиакомпанияси Ryanair Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) фуқароларидан Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларига учадиган самолётларга чиқишга рухсат беришдан олдин турли соҳалардаги саволлар билан африкаанс тилида имтиҳон топширишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда 5 июнь, якшанба куни Британиянинг Financial Times газетаси ушбу процедурадан ўтишга мажбур бўлган бир неча кишига таяниб хабар берди

Нашрнинг ёзишича, ЖАР паспорти эгалари, жумладан, Буюк Британияда истиқомат қилувчи бундай фуқаролар, агар тестдан ўта олмаса, рейсларга чиқишдан маҳрум этилиши ҳақида огоҳлантирилган. Шу билан бирга, газетанинг таъкидлашича, африкаанс Жанубий Африкада учинчи энг кенг тарқалган тилдир ва апартеид даврида аҳоли бу тилда гапиришга мажбур бўлган. Ryanair бу талабни сохта ЖАР паспортлари кўпайиб кетгани билан боғлади. ЖАРдан келган саёҳатчилар авиаташувчини ирқий камситишда айбламоқда.

FT ихтиёрида бўлган тест 15 саволдан иборат. Масалан, ЖАРда йўлнинг қайси томонидан ҳаракат амалга оширилиши ёки мамлакатдаги энг катта тоғ чўққисининг номи қандай эканига жавоб бериш керак. Авиакомпания Буюк Британияга саёҳат қилаётган ЖАР паспортига эга йўловчилар «африкаанс тилида оддий сўровномани» тўлдириши кераклигини тасдиқлади. «Агар улар буни уддалай олмаса, уларга парвоз бўйича рад жавоби берилади ва пуллари тўлиқ қайтарилади», деди Ryanair. 

Top