Ўзбекистон | 10:04 / 11.06.2022
10748
1 дақиқада ўқилади

Қўқон ҳокими Турк дунёси шаҳарлари иттифоқи директорлар кенгаши аъзоси бўлди

Кеча, 10 июнь куни Истанбул шаҳрида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған раислигида Турк дунёси шаҳарлари бирлиги иттифоқи бош ассамблеяси навбатдаги 6-қурултойи бўлиб ўтди. 

Фото: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарига кўра, қурултойда иттифоққа аъзо мамлакатлар вакиллари туркийзабон давлатлар шаҳарлари ўртасида инвестиция, инфратузилмавий ва маданий ривожланиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш жиҳатларини муҳокама қилди. 

Қурултой доирасида Турк дунёси шаҳарлари бирлиги иттифоқи директорлар кенгаши янги таркиби тузилди. Унга Ўзбекистондан Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов уч йил муддатга сайланди. 

Бундан ташқари, 27—30 сентябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Олтой ҳамжамиятлари 10-халқаро симпозиумига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Турк дунёси шаҳарлари иттифоқи 2003 йил 12 ноябрда умумий географик, тарихий ва маданий қадриятларга эга бўлган туркий тилли мамлакатлар шаҳарлари ва вилоятлари билан фаолият олиб бориш мақсадида ташкил этилган. Иттифоқ бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган. Иттифоқ 30 мамлакатдан 1 200 аъзо-шаҳар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширади.

Мавзуга оид