Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украина дронларининг Москвага ёпирилма ҳужумини қайтарди, дея маълум қилди шаҳар мэри Сергей Собянин. Унинг сўзларига кўра, тунда жами 1600 дрон ҳужум қилган, шундан 450 таси Москвага учиб келаётганида уриб туширилган. «Мисли кўрилмаган ҳужум сайловни бузиш мақсадида режалаштирилган эди. Душман бунга эриша олмади», – дея қўшимча қилган Собянин.
20 сентябр куни – Россияда сайловларнинг учинчи куни. Бутун мамлакатда бўлгани каби Москвада ҳам Давлат думаси депутатларини сайлашмоқда. Москва областида ҳудуд думаси учун ҳам сайловлар бўлиб ўтмоқда. Москва ҳукумати порталида шаҳарда сайловларнинг учинчи куни «одатий режимда бошлангани» хабар қилинган.
Ҳужум оқибатлари ҳақида нималар маълум:
Капотнядаги Москва нефтни қайта ишлаш заводидаги (МНПЗ) объект шикастланган. Гувоҳлар томонидан олинган фото ва видеоларда корхона ҳудудида ёнғин чиққани акс этган. Бу завод мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш бўйича энг йирик корхоналар сирасига киради. МНПЗ – Москва шаҳри ва Москва области учун асосий ёнилғи етказиб берувчидир. Бу корхона олдин ҳам бир неча бор украин дронлари нишонига айланганди.
Astra нашри гувоҳлар олган фото ва видеоларни ўрганиб, ушбу заводга зарбалардан бири Россиянинг «Панцир» зенит-ракета комплекси фаолияти натижасида берилганини тахмин қилган.
Дронлардан бири Москвадаги турар жойга келиб урилган. Собянин манзилни аниқлаштирмаган, аввалроқ у Орехев хиёбони ҳудудидаги бино зарбага учраганини хабар қилганди.
Москва области губернатори Андрей Воробевнинг ҳисоботида 20 сентябр тонгида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радиоэлектрон кураш воситалари областнинг 17 та округида украинларнинг 249 та дрони зарарсизлантирилгани маълум қилинган.
Воробевнинг маълумотига кўра, икки киши ҳалок бўлган (Орехово-Зуевский ҳамда Раменский округида яшовчилар), яна 20 га яқин киши жароҳат олган. Жабрланувчилар орасида уч нафар бола ҳам бор. Жабрланганлардан 15 нафари шифохонага ётқизилган, яна олти нафарига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Унинг сўзларига кўра, энг жиддий оқибатлар Раменский округида кузатилган. Шимолий шосседа дрон 21 қаватли турар жой биноси томига келиб урилган ва ёнғин чиққан. 400 киши эвакуация қилинган. 20 та автомобил шикастланган. Софино қишлоғида украинлар дрони уч қаватли бинога урилиши оқибатида олтита квартира шикастланган.
Софинога ҳужум вақтида омборхона ҳам ёниб кетган. Astra маълумотига кўра, гап «Современные складские технологии» МЧЖ логистика комплекси ҳақида бормоқда – бу ерда жами 290 минг метр квадрат майдонда олтита корпус бор. Нашрнинг қайд этишич, ушбу объектдан 500 метр масофада «Панцир» зенит-ракета комплекси жойлаштирилган.


















