Расмий манбаларда фаст фуддан заҳарланганлар сони 57 нафар кўрсатилган бўлса-да, суриштирув давомида шифохоналарда даволанаётган беморларнинг яқинлари бу рақам 100 дан ортиқ эканини маълум қилишди.


Оғирроқ экан, реанимацияга олишяпти...
“21 яшар неварамни шифохонага ётқизган эдик. Энди аҳволи оғирроқ бўлгани учун реанимацияга оламиз дейишяпти.
Бир кун аввал неварам уйда тушлик қилиб бўлиб бозорга боришини айтди. Бозорда дўстини учратган. Бозордан чиқиб, улар бирга хот-дог ейишган. Ўша хот-догнинг орқасидан шунча ташвиш орттирдик.
Уйимиз хот-дог сотадиган шохобчанинг орқасида. Уйга олиб келиб ҳам, ошхонасига бориб ҳам тез-тез хот-дог ва бошқа таомларидан истеъмол қилиб турардик. Аввал бундай ҳолат кузатилмаган эди. Энди қўлимиздан нима ҳам келарди? Аллоҳ шифо берсин барча беморларга”, дейди невараси шифохонада даволанаётган Дилбарой ая Деҳқонова.

Беморлар 200 кишидан ошиқ...
“18 сентябр куни қизим дарсдан мазаси қочиб, уйга қайтиб келди. Ҳарорати кўтарилиб тўшакка михланди. Аввалига грипп деб ўйлаб, дори-дармон қилдик. Кейинчалик қорни оғриб, оғриқ тобора кучайишни бошлади. Суриштирсак, бир кун олдин, 17 сентябр куни қизлар билан шовурма ейишган экан. Шифохонага келдик. Ҳозир иситмаси тушиб, анча ўзига келиб қолди. Шифохонага жуда кўп бемор келди. Ҳаттоки жой топиш муаммо бўлди. Жой етмаганлар хусусий шифохоналарга ҳам жўнатилди. Реанимацияда ҳам беморлар бор. Оғир касаллар реанимация бўлимида. Билганим, заҳарланганлар 200 кишидан ошиқ. Касалликни ошкор қилмай, уйида даволаниб турганлар ҳам бор”, дейди қизини шифохонада даволатаётган она.

Жой етмаган беморлар хусусий шифохоналарда...
“16 сентябр куни соат 22:00 да фаст фуд егани борган эдим. Хот-догни ярмигача едим ҳамки озроқ ҳидлангани сезилди. Қорним очлиги учун бунга аҳамият бермай ҳаммасини едим. Кейин уйга кириб, ухлашга ётдим. Соат 2:00 ларда тўсатдан ошқозоним оғриб уйғониб кетдим. Эрталаб соат 3:00 ларга яқин “югуртирди”. Эртаси куни ишхонада бошим оғриб, қон босимим ошиб кетди. Иложсизликдан шифохонага ётишга мажбур бўлдим.




















