Маълум қилинишича, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ҳисоботда ходимларнинг жисмоний шахс шахсий идентификация рақами кўрсатилиши керак. Бу орқали жисмоний шахсларнинг ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

“Бироқ, иш берувчилар томонидан юборилаётган ҳисоботларда кўрсатилаётган ЖШШИР фуқароларнинг амалдаги паспорт ёки ID-картадаги ЖШШИР билан фарқ қилаётгани ёки бошқа шахснинг ЖШШИРни кўрсатиш ҳолатлари аниқланмоқда”, дейилади хабарда.

Ҳисоботларда ЖШШИРни нотўғри кўрсатиш вояга етмаган болалари бўлган оилаларга нафақа пули, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам, пенсия тайинлашда, ходимлар иш стажини шакллантиришда муаммоларни келтириб чиқаради.

Қўмита иш берувчилардан ўз ходимлари иш ҳақи бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этишда уларнинг кўрсатилган жисмоний шахс шахсий идентификация рақамлари амалдаги паспортлари ёки ID-карталаридаги ЖШШИРга мос келишига ишонч ҳосил қилишларини сўраган.