Бу – 16 июн куни имзоланган “Табиий газ бозорини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарорида белгиланган.

Қарорга асосан, “Ўзтрансгаз” АЖ табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистрал газ узатиш тизими оператори этиб белгиланди.

2022 йил 1 августдан бошлаб, “UzGasTrade” АЖ:

  • табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилади;
  • “Ҳудудгазтаъминот” АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан тўғри шартномалар асосида сотади;
  • президент қарорларида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари ягона экспорт қилувчи функцияларини бажаради.

Маҳсулот тақсимотига оид битимларни ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, қўшма корхоналар ва “UzGasTrade” АЖ ўртасидаги табиий газни харид қилиш тўғрисидаги шартномаларни расмийлаштириш ишлари 2022 йил 1 августга қадар “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан бажарилади.

Қарор билан, 1 ой муддатда халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда қуйидагилар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим:

  • “Ўзтрансгаз” АЖнинг мавжуд кредитор қарздорлигини тўлаш ва дебитор қарздорлигини ундириш, молиявий ҳолатини соғломлаштириш, бошқарув ва ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш, замонавий молиявий ҳисобдорлик ва бошқарув ҳамда харид тамойилларини татбиқ этиш ва “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 2024 йил якунига қадар халқаро кредит рейтинги қўлга киритилиши бўйича чора-тадбирлар режаси;
  • “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан биргаликда республика бўйича газ тақсимлаш станциялари ва саноат тугунларини хатловдан ўтказган ҳолда, бу объектлар орқали хизмат кўрсатиладиган истеъмолчиларга боғлиқ ҳолда уларни қайта тақсимлаш бўйича таклифлар;
  • республика газ узатиш тизимини, шу жумладан ерости газ сақлаш омборлари инфратузилмасини 2040 йилгача ривожлантириш ва модернизация қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқнома.

Вазирлар Маҳкамасига 2 ой муддатда “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ узатиш тизимидаги барча кириш ва чиқиш нуқталарида ўрнатилган газ ҳисоблагичларни хатловдан ўтказган ҳолда уларнинг устидан онлайн назорат ўрнатиш тартибини тасдиқлаш юклатилди.