Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябр куни Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Сиянг бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда “яшил” энергетика, кимё саноати, геология, автомобилсозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, тинч атом, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, ускуна ишлаб чиқариш ва робототехника соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўли қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Унинг ишга туширилиши минтақада савдони ривожлантириш ва транспорт жиҳатидан боғлиқликни мустаҳкамлашга янада кучли суръат бағишлаши таъкидланди.
Музокара чоғида туризм, маданият ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Бу борадаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мақсадида икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш режалари муҳокама қилинди”, – дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча – 16 октябр куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда иккинчи ва учинчи АЭСлар қуриш масаласини янги ҳамкорлар билан эртага муҳокама қилишини айтганди.
“Биринчи атом электр станцияси қурилишини бошладик. Иккинчи ва учинчисини қуриш бўйича ҳам режаларимиз бор. Эртага янги ҳамкорларимиз ва инвесторлар билан иккинчи атом электр станциясини қуриш масаласини муҳокама қиламиз”, – деганди давлат раҳбари.
Ўтган ойда Сербия президенти Александр Вучич Ўзбекистон етакчиси билан музокаралари ҳақида сўзлаб бераркан, Ўзбекистон иккинчи АЭСни Хитой билан ҳамкорликда қурмоқчи эканини айтганди.
“Бугун эрталаб тет-а-тет мулоқотимизда президент Мирзиёевдан сўрадим ва у менга шундай деди: “Битта атом станциясини руслар билан, иккинчи станцияни хитойликлар билан қуряпмиз, лекин менга бу етарли эмас. Буни тугатмасимдан яна қуришни бошлайман, ишлашда давом этаман”, – дея Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтирганди Сербия президенти.

















