Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бу — Путин истамаган нарса». НАТО Россияни асосий таҳдид деб билади, АҚШ Европадаги контингентини оширади
Зеленский альянс ва Россия ўртасида уруш бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Мадриддаги НАТО саммитидан асосий маълумотлар.
НАТОнинг Мадриддаги саммити иштирокчилари альянс хавфсизлиги бўйича 2030 йилга қадар амал қилувчи янги стратегик концепцияни қабул қилишди, унда Россия асосий таҳдид сифатида келтирилган. НАТО давлатлари Кремлнинг Украинага қарши тажовузи халқаро тинчлик ва барқарорликка путур етказганини маълум қилишган, шунингдек тезкор ҳаракатланиш кучлари сони оширилади. Шу билан бир вақтда АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украинага ҳужумига жавобан Европадаги Америка ҳарбий контингенти кенгайтирилиши ҳақида расман эълон қилди.
Мадрид саммити чоғида НАТО Россияга нисбатан расмий муносабатини ўзгартирди, бу давлат 2010 йилдан буён альянснинг «стратегик ҳамкори» саналган. Чоршанба куни қабул қилинган декларацияда шундай дейилади: «Россия Федерацияси иттифоқчилар хавфсизлигига, шунингдек Евроатлантика минтақасидаги тинчлик ва барқарорликка энг асосий ва бевосита таҳдид ҳисобланади».
Ҳужжатда Россиянинг Украинага бостириб кириши «халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши» деб аталган. Альянс Москвани «бутун дунё бўйлаб миллиардлаб одамларга таъсир кўрсатаётган озиқ-овқат ва энергетика инқирозини қасддан кучайтириш»да айблаган. Ғарб давлатлари Украина портлари блокадасида Россияни айбдор ҳисоблайди, бу туфайли Киев ўз озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқара олмаяпти.
Саммит якунида маъқулланган концепция Украинага бундан буён ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишни давом эттириш бўйича ваъдаларни ўз ичига олади, матнда ушбу давлат НАТОнинг «яқин ҳамкори» деб аталган. Альянс бош котиби Йенс Столтенберг блок Украинани зарур бўлган вақтга қадар қўллаб-қувватлаши ва келгусида Украина қуролли кучлари совет қуролларидан НАТО қуролларига ўтиши таъминланишини маълум қилган.
Россия кўп марта НАТОнинг шарққа қараб кенгайишига, хусусан Варшава келишувининг собиқ иштирокчилари ва ўтмишда СССР таркибида бўлган Болтиқбўйи давлатлари альянсга киришига қарши чиққан. Шунингдек, Кремлдагилар Украинага нисбатан ҳарбий тажовузни ушбу мамлакатнинг келгусида Шимолий Атлантика альянсига кирмоқчи бўлаётгани билан оқламоқчи бўлган.
Декларацияда Украина келгусида альянс аъзоси бўлиши мумкинлиги борасида ҳеч қандай гап йўқ, аммо НАТО «Евроатлантикада тинчлик, барқарорлик ва умумий хавфсизлик мақсадларини қўллаб-қувватлаш учун Босния ва Герцеговина, Грузия ва Украина билан ҳамкор алоқаларини ривожлантириш»ни ваъда қилган. «Биз 2008 йилги Бухарест саммитида қабул қилинган қарорларимизни ҳамда Грузия ва Украинага оид кейинги барча қарорларимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», дейилган ҳужжатда.
НАТОнинг Бухарестдаги саммитида альянс аъзолари шундай баёнот беришган: «Биз [Украина ва Грузия] НАТОга аъзо бўлиб кириши борасида келишиб олдик». Лекин бу икки давлат альянсга аъзо бўлиш истиқболининг аниқ вақтини кўрсатадиган Аъзоликка тайёрлаш бўйича ҳаракатлар режасига қўшилмаганди.
Володимир Зеленский саммитда видеоалоқа орқали чиқиш қилди ва НАТО ҳозирда Украинага етарли даражада ёрдам бермаслиги келажакда альянс Россия билан урушишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Зеленский НАТОнинг «очиқ эшиклар» сиёсати реализациясини ҳам танқид қилган ҳамда альянс ва Россия ўртасидаги «кулранг зона»дан воз кечишга чақирган. «НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсати эски Киев метросининг турникетларини эслатмаслиги керак: улар очиқ, лекин сиз яқинлашсангиз, улар токи тўлов қилмагунингизча ёпилади. Украина ҳали етарлича тўлов қилмадими? Европа ва бутун цивилизацияни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссамиз ҳали ҳам етарли эмасми? Хўш, яна нима керак?» — дея саволлар қўйган украинлар президенти.
АҚШ Европадаги ҳарбий мавжудлигини оширади
Мадрид саммити арафасида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс ўзининг тезкор ҳаракат кучлари сонини оширмоқчилигини айтганди: 300 минг ҳарбий хизматчигача (ҳозирда бундай кучлар таркиби 40 минг ҳарбийдан иборат). Бу ҳақда, гарчи аниқ рақамлар келтирилмаган бўлса-да, қабул қилинган декларацияда ҳам айтилади.
«Иттифоқчиларимиз билан биргаликда НАТО ҳар қандай йўналишдаги таҳдидларга жавоб қайтаришга тайёр бўлишини таъминлаймиз. Путин дунё тартиботининг асосий қоидаларига ҳужум қилди. Биз, Қўшма Штатлар ва бизнинг иттифоқчилар уларнинг ҳимояси учун отландик. Айнан шуни у [Путин] истамаган. Аммо Европада хавфсизликни таъминлаш учун айнан шундай қилиш керак», деган Байден НАТО бош котиби билан учрашувдан кейин.
Столтенберг ҳам шундай фикрни такрорлади. «Биз совуқ уруш давридан бери коллектив мудофаамизда энг йирик қайта қуришни ўтказишга келишдик ва албатта Қўшма Штатлар ҳам бунда иштирок этади. Шундан сўнг биз НАТОга Швеция ва Финландияни таклиф этамиз, бу альянс эшиклари доимо очиқлигини намойиш этади. Бу президент Путин НАТО эшикларини ёпа олмаганини кўрсатади. У ўзи истаганининг тескарисига эришмоқда. Президент Путин альянсга Швеция ва Финландия қўшилганидан кейин янада катта НАТО қаршисида қолади», деган бош котиб.
Байденнинг сўзларига кўра, АҚШ Европадаги мавжудлигини қуйидагича оширмоқчи:
- Испаниянинг Рота шаҳридаги базага иккита қўшимча авиаташувчи кема жойлаштирилади.
- Польшада АҚШ армияси Бешинчи корпусининг доимий штаби ташкил этилади.
- Руминияда ротация асосида 3000 минг аскардан иборат қўшимча бригада ва 2000 кишилик қўшимча кучлар жойлаштирилади.
- Болтиқбўйи давлатларида ротация асосида қўшимча кучлар жойлашади.
- Британияда стелс технологиялари (у самолётларни рақиб радарларидан ҳимоялайди) билан жиҳозланган F-35 самолётларининг иккита қўшимча бригадаси жойлаштирилади.
- 2022 молия йилида Пентагон бюджетдан Европадаги мудофаа харажатлари учун 3,8 млрд доллар олади. Мудофаа вазирлиги келгуси йилда молиялаштириш учун 4,3 млрд доллар сўраган.
Таҳлил: Кременчугдаги вайронгарчиликлар фонидаги НАТО саммити
Святослав Хоменко, BBC корреспонденти
Жо Байденнинг АҚШ Европада ҳарбий мавжудлигини ошириши ҳақида эълон қилиши сенсация бўлмади. Бу ҳақда анчадан буён гап юрарди, Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланиши эса воқеалар ривожини тезлаштирди.
Катта эҳтимол билан, АҚШ дастлабки режаларига тузатишлар киритган: уруш бошланмаганида америкаликларнинг Европадаги контингенти бу қадар кўламда кенгайтирилмаган бўлади.
Бу янгиликни икки томондан кўриб чиқиш мумкин.
Россия томони учун барчаси равшан. НАТО ва умуман АҚШ Россия чегараларига яқинлашмоқда. Москвада НАТО мудофаа альянси ҳисобланиши ҳақидаги сўзларни беўхшов ҳазил ҳисоблашади. Шунинг учун Европага, хусусан Европа шарқига қўшимча америкалик аскарлар кириб келиши бу ерда вазиятни кескинлаштирувчи омил сифатида кўриб чиқилади.
Ҳозирги шароитда НАТОнинг кейинги саммитини Литва пойтахти Вильнюсда ўтказишга қарор қилиниши ҳам номақбул кўринади.
Аммо бу қарорга бошқа томондан ҳам назар ташлаш мумкин.
НАТО саммити матбуот маркази экранида CNN телеканали янгиликлари эфирга узатилди. Америкалик журналист Россия ракетаси томонидан вайрон қилинган Кременчугдаги савдо маркази харобалари фонида жонли эфирга чиқди.
Саммитни ёритаётган полшалик мухбирларнинг қувноқ кайфияти бу кадрлар фонида ўринсиз кўринди, аммо уларнинг ҳиссиётларини тушуниш мумкин. Полша жамияти учун уларнинг мамлакатида америкалик аскарлар бўлиши фақат бир маънода тушунилади - уларнинг ерида бу каби сюжетлар бўлиши учун сабаб қолмаслиги кафолати сифатида.
Ва шу маънода, Жо Байденнинг қарори, биринчи навбатда Россия билан чегарадош бўлган Европа мамлакатлари аҳолисини (ҳатто АҚШ ҳарбий мавжудлиги кенгайиши тўғридан тўғри тааллуқли бўлмаган давлатлар ҳам) тушуниш қароридир -бу уларнинг уйидаги тинчлик ва барқарорлик сари қадамдир.
Энг жиддий ўзгаришлардан бири - Полшада штаб ташкил этилиши. Полша ҳукумати штаб ташкил этилганидан кейин мамлакатда америкалик ҳарбийлар доимий асосда қолишини қайд этишган.
«Кўпчилик учун имконсиз бўлиб туюлган нарса энди ҳақиқатга айланмоқда. Бизнинг Полшада ДОИМИЙ контингент бўлади. Биз умумий хавфсизлик ҳақида қайғурамиз. Бу Москва учун аниқ сигналдир. Биз бундан кейин ҳам Полша хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун интиламиз», дея ёзган твиттерида Полша ТИВ раҳбари ўринбосари Мартин Пшидач.
Янги хавфсизлик концепциясида Хитойга нисбатан муносабат ҳам ўзгармоқда, гарчи Столтенберг НАТО учун бу мамлакат ҳозирда «рақиб ҳисобланмаслиги»ни айтган бўлса ҳам. «Аммо, албатта, биз Хитойнинг янги ҳарбий имкониятларга, узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталарга ва ядро қуролларига фаол равишда инвестиция киритаётгани, худди шу вақтда муҳим инфратузилмаларни, хусусан 5G тармоқларини назорат қилишга уринаётганини кузатар эканмиз, бунинг ўз хавфсизлигимиз учун таъсирини кўриб чиқишимиз даркор», деган НАТО бош котиби.
Мавзуга оид
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45 / 09.06.2026