Жаҳон | 18:29 / 08.07.2022
20800
2 дақиқада ўқилади

Хитой мудофаа вазирлиги вакили мамлакат армияси урушга тайёрлигини айтди 

У Цяннинг сўзларига кўра, Хитой халқ озодлик армияси исталган вақтда ҳарбий ҳаракатларни бошлаши мумкин.

Фото: Reuters

Хитой халқ озодлик армияси урушга ҳар доим тайёр, деди мамлакат мудофаа вазирлиги вакили У Цян.

Пайшанба куни америкалик республикачи сенатор Рик Скотт Тайванга ташриф буюрди. У ташриф доирасида орол ҳукумати раҳбарлари билан учрашишни режалаштирган.

"Бу ягона Хитой тамойили ва Хитой-Америка коммюникеларининг қўпол равишда бузилишидир. Бу Хитой ва АҚШ ўртасидаги сиёсий ва ҳарбий муносабатларга жиддий путур етказади ҳамда Тайван бўғозидаги вазиятни мураккаблаштиради", - деди У Цян.

Унинг сўзларига кўра, Тайван ороли яқинида ҳарбий машғулотларнинг ўтказилиши "провокацион ва жиноий Тайван-Америка фитнаси"га қарши қаратилган.

"Хитой халқ озодлик армияси урушга ҳамиша тайёр, исталган вақтда ҳарбий ҳаракатларни бошлаши мумкин, ташқи кучларнинг Хитойнинг ички ишларига аралашишига ҳамда айирмачиларнинг Тайванни ажратишга қаратилган ҳаракатларига барҳам бериш учун барча чораларни кўради", - деб таъкидлади У Цян.

Тайван амалда Хитойдан айри давлат сифатида шаклланган, лекин расман “Хитой республикаси” номини сақлаб турибди. Мамлакатнинг ўз конституцияси, армияси ва сайланган ҳукумати бор. Фуқаролик уруши тугаши ва 1949 йил материкда коммунистлар ғалабасидан кейин сайланган ҳукуматини Тайван Хитойдаги ягона қонуний бошқарув органи деб билади.

Пекин Тайванни ўз провинцияси деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид