«Жеймс Уэбб» телескопи 2021 йил декабрида коинотга учирилганди. Ишчи орбитага чиқиш учун бир ойча вақт кетди. Кейин 5 ой давомида кўзгулар коррекция қилинди ва илмий асбоблар созланди. Телескоп 11 июлда илмий дастур бўйича иш бошлаган эди. «Бу тасвирлар Уэбб биз ҳатто тўғри қўя олмайдиган саволларга жавоб топишга ёрдам бера олишини намойиш қилмоқда. Бу саволлар коинотимиз ва ундаги инсоннинг ўрнини яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради», дейди NASA маъмури Билл Нелсон.

Жуда аниқ ва тиниқ тасвирлар NASA ҳамкорлари томонидан навбатма-навбат тақдим этилди.

Космик қоялар ва юлдузларнинг туғилиши

Килл туманлигида янги юлдузнинг туғилиши. Фото: NASA, ESA, CSA, STScI 

Ушбу фотосуратдаги космик «манзара» аслида юлдузли осмондаги энг катта ва энг ёрқин объектлардан бири – Карина туманлигидаги (NGC 3324) улкан космик чангли булутнинг бир чеккасидир. Ушбу туманлик Ердан 7,5 минг ёруғлик йили масофасида жойлашган.

Суратдаги баъзи «қоялар»нинг узунлиги 7 ёруғлик йилига етади. Булутдан кўтарилаётган «буғ» эса қизиган газ ва чанг зарралари бўлиб, туманлик ўсиб борган сайин улар ҳам узлуксиз равишда отилади. Ушбу булутларда биринчи юлдузлар туғилган.

Галактикалар ва қора туйнуклар эволюцияси

Стефан квинтети — Пегас юлдуз туркумидаги бир-бирига яқин жойлашган бешта галактикалар гуруҳи бўлиб, астрономлар томонидан 1877 йилда кашф этилган. Улардан 4 таси 210-340 млн ёруғлик йили масофасида жойлашган бўлиб, бир-бири билан доимий боғлиқликда ҳаракатланади.

Стефан квинтетидаги галактикаларни қўл билан санаш мумкин: номидан ҳам маълумки, улар бешта. Ушбу расм 150 миллион пикселдан иборат бўлиб, 1000 та алоҳида файлда расм кўринишида олинган. Ҳозирча космик телескоплар томонидан олинган энг катта расм. Фото: NASA, ESA, CSA, STScI 

Бу ҳозиргача суратга олинган бешта объектнинг энг каттаси: квинтет самода тўлин Ойга қараганда беш баравар камроқ майдонни эгаллайди.

Тасвир 150 миллиондан ортиқ алоҳида пикселлардан ташкил топган ва мингга яқин алоҳида кадрлардан йиғилган.