Жаҳон | 18:25 / 14.07.2022
11786
2 дақиқада ўқилади

Туркия, Миср ва Саудия Арабистони BRICS гуруҳига қўшилиши мумкинлиги айтилди

Қайд этилишича, мазкур мамлакатлар ҳамда июн охирида ариза берган Эрон ва Аргентинанинг гуруҳга кириши 2023 йилда ЖАРда бўлиб ўтадиган саммитда амалга ошиши мумкин. 

Фото: Global Look Press

Туркия, Миср ва Саудия Арабистони BRICS гуруҳига қўшилишга тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар берди «Известия» БРИКС халқаро форуми президенти Пурнима Анандга асосланиб.

«Бу мамлакатлар қўшилишга қизиқиш билдирди ва аъзоликка ариза беришга тайёрланмоқда. Бу яхши қадам деб ўйлайман, чунки кенгайиш ҳамиша ижобий қабул қилинади, бу BRICSнинг бутун дунёдаги таъсирини кучайтиради», — деди у.

Ананднинг сўзларига кўра, мазкур мамлакатлар кириш «жараёнида» турибди, шу боис улар ҳамда июн охирида ариза берган Эрон ва Аргентинанинг гуруҳга кириши 2023 йилда ЖАРда бўлиб ўтадиган саммитда амалга ошиши мумкин. 

«Известия» манбасининг сўзларига кўра, Пекинда бўлиб ўтган саммитда BRICS аъзолари Саудия Арабистонининг аъзо бўлиши масаласини «жиддий» муҳокама қилган, Туркия ва Миср мавзуси эса кўтарилмаган.

Ҳозирда BRICSга беш мамлакат - Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР аъзо. Гуруҳ 2006 йилда ташкил топган. BRICSнинг мақсади сиёсий, иқтисодий ва миллатлараро даражадаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. 

Мавзуга оид