Жаҳон | 08:51 / 14.07.2022
10337
2 дақиқада ўқилади

Европада жазирама иссиқ сабабли ўрмон ёнғинлари авж олди

Португалияда қурғоқчилик мамлакатнинг деярли бутун ҳудудида кузатилмоқда. Испанияда ҳозирги иссиқлик тўлқини сўнгги ўн йилликлардаги энг узун бўлиши мумкин.

Фото: EPA

Жанубий Европада ҳаддан ташқари жазирама иссиқ кузатилмоқда. Испаниянинг жанубидаги Андалусия ва жануби-ғарбидаги Экстремадурада 13 июль, чоршанба куни ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 44 даражага етди. Португалиянинг марказий қисмида термометр 40 даражага кўтарилди. Таққослаш учун: Германияда шу куни максимал ҳарорат «атиги» 34 даража эди.

Шу билан бирга, Франция, Италия, Испания ва Португалияда кескин ҳаво ҳарорати кучли шамоллар билан биргаликда ҳар куни кенг кўламли ўрмон ёнғинларини келтириб чиқаряпти.

Улардан энг йирикларидан бири – Португалия билан чегара яқинида жойлашган Испаниянинг Каресес провинцияси Лас-Урдес туманидаги ўрмон ёнғини 3500 гектар майдонни қамраб олган. Aemet метеорология хизмати Испаниянинг 17 автоном ҳамжамиятидан (минтақаси) 16 тасида ҳушёрлик даражасини оширди. Унинг маълумотига кўра, ҳозирги иссиқлик тўлқини мамлакатда 1975 йилдан бери кузатилган энг узунларидан бири бўлади.

Португалияда 13 июль куни эрталаб Лиссабондан 200 километр узоқликда жойлашган Лейрия, Помбал ва Орен шаҳарлари яқинидаги тўртта йирик ёнғинни ўчиришга 1500 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинган. 

Португалия ҳукумати маълумотларига кўра, июнь ойининг охиридан бошлаб мамлакатнинг 96 фоизида кучли қурғоқчилик кузатилмоқда. 

Грециянинг Самос оролида Палеохори қишлоғи яқинида содир бўлган ёнғин туфайли икки аҳоли пункти профилактика мақсадида эвакуация қилинди. Шу билан бирга, грек матбуотига кўра, ушбу ёнғинни ўчириш вақтида Эгей денгизидан сув тортиб олмоқчи бўлган вақтида Украинада ижарага олинган Ми-8 вертолёти ҳалокатга учраган. Учувчи қутқариб олинган, бортдагилардан икки нафари ҳалок бўлган, яна бири бедарак йўқолган. 

Францияда Атлантика океани соҳилларида давом этаётган ўрмон ёнғинлари минглаб одамларни эвакуация қилишга мажбур қилди. Хусусан, расмийлар 6000 кишидан Бордо шаҳри атрофидаги кемпингларни тарк этишни сўради. Бу ҳудудда ҳаво ҳарорати яқин орада 37 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид