Иқтисодиёт | 07:24 / 15.07.2022
24039
4 дақиқада ўқилади

Нақд пулга бўлган талаб ошишига сабаб бўлаётган омиллар маълум қилинди

ПМТИ экспертлари сўнгги ойларда нақд пулга талаб ошишига сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилишди.

Фото: Kun.uz

Нақд пулга талаб ошишига узоқ муддатли омиллар (иқтисодий ўсиш, демографик ўзгаришлар ва молия секторининг ривожланиши) билан бир қаторда, мавсумий иқтисодий фаолликнинг ошиши, чет элдан пул ўтказмалари кўпайиши, валюта курслари барқарорлиги таъсир кўрсатмоқда.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти маълумотига кўра, 2022 йил 1 июнь ҳолатига муомаладаги нақд пуллар ҳажми 36,9 трлн сўмга етиб, 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига (13,2 трлн сўм) нисбатан 2,8 баробар ошди.

Шундай бўлса-да, нақд пулларнинг кенг маънодаги пул массаси таркибидаги улуши камайиб бормоқда. Ушбу кўрсаткич 2017 йил 1 июнь ҳолатига 31,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йил 1 июнь ҳолатига келиб 23 фоизгача камайди.

Қайд этилишича, 2017 йилдан бошлаб нақд пулга бўлган талаб мавсумий характерга эга бўлиб келмоқда.

Апрель-май ойларидан бошлаб иқтисодий фаоллик жадаллашуви (тўй ва шунга ўхшаш маросимлар сони кўпайиши, қурилиш ишлари тезлашиши, ёзги пишиқчилик, дам олиш ва улар билан боғлиқ харажатлар ортиши) нақд пулга бўлган талабни оширади ва ушбу тенденция ноябрь ойларига қадар давом этади.

Ноябрдан март ойигача бўлган даврда муомаладаги нақд пул ҳажми сезиларли даражада камаяди.

Апрель-ноябрь ойларида чет элдан пул ўтказмалари кўпайиши билан аҳоли томонидан валюта сотуви ҳажми ҳам ошиб боради. Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадри мустаҳкамланиши ёки барқарорлигини сақлаб туриши шароитида ушбу тенденция янада жадаллашади.

 Жорий йил 5 ойида пул ўтказмалари ҳажми 4,19 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига (2,61 млрд АҚШ доллари) нисбатан 61 фоизга (1,58 млрд АҚШ долларига) кўпайди.

Мазкур даврда банклар томонидан жисмоний шахслардан 4,32 млрд АҚШ доллари миқдорида валюта сотиб олинди ва бу ўтган йил мос даврига (2,72 млрд АҚШ доллари) нисбатан 59 фоизга кўпроқ ҳисобланади.

Катта ҳажмдаги олди-сотди операциялари (уй-жой, машина олди-сотдиси) хорижий валютада (АҚШ доллари, евро) амалга оширилганда, ўз ўзидан миллий валютага талаб камаяди.

Ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадри ошиши ортидан аҳолининг кўпчилиги валютадаги жамғармаларини миллий валютага ўтказишни афзал кўра бошлашди, дейилади маълумотда.

Валюта курси барқарорлиги сақланиб турган бир шароитда, 2022 йил 15 июлдан 200 000 сўмлик банкноталар муомалага чиқарилиши катта ҳажмдаги нақд ҳисоб-китобларни осонлаштириб, долларлашув даражасини янада камайишига хизмат қилиши мумкин.

Сўнгги 4 йилда тўлов тизими ривожлантирилиши натижасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми сезиларли даражада ошди. Муомаладаги банк карталари сони 1,7 баробарга (01.06.2018 йил ҳолатига 17,7 млн донадан 01.06.2022 йил ҳолатига 29,4 млн донага), ўрнатилган тўлов терминаллари сони 1,8 баробар (241 мингтадан 433,2 мингтага), ўрнатилган банкомат ва инфокиоскалар сони 2,7 баробар (6,1 мингдан 16,7 мингга) кўпайди.

2022 йил январь-май ойларида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар ҳажми 58,2 трлн сўмга етди ва 2021 йил мос даврига (39,9 трлн сўм) нисбатан 1,5 баробар (2018 йил январь-май ойларига (23 трл сўм) нисбатан 2,5 баробар) ошди.

Билдирилишича, ушбу таҳлил 2013 йил январидан 2022 йил май ойигача бўлган ойлик маълумотларга асосланиб амалга оширилган. Ахборотлар Марказий банк очиқ статистик маълумотларидан олинган.

Мавзуга оид