Мянма парламентининг собиқ аъзоси, мамлакатда ҳип-ҳоп жанри пионерларидан саналган 41 ёшли Фио Зейя Тоу ҳамда 53 ёшли ёзувчи ва мухолифатчи фаол Чжо Мин Ю (Ко Жимми лақаби билан танилган) қатл этилган. Уларнинг иккиси ҳам июн ойидаги апелляцияда ютқазишган. Қатл қилинганларнинг яна иккиси эса Хла Мио Аунг ва Аунг Тура Зау бўлган. Reuters агентлиги ёзишича, уларнинг барчаси «террорчилик акти» амалга оширишда айбланган.

Бу 1980-йиллардан буён - ва 2021 йил февралидаги ҳарбий тўнтаришдан кейинги илк қатл ҳукми ижро этилиши бўлди, ўшанда хунта «Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси, демократик йўл билан сайланган Аунг Сан Суу Ки ҳукуматини ағдарганди. Унинг ўзи ҳам апрел ойида коррупцияда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилди. 

  • 2021 йил февралида Нобел мукофоти совриндори Аунг Сан Суу Ки ҳамда мамлакат сайланган ҳукумати ағдарилгач, бошланиб кетган оммавий митинглар, иш ташлашлар ва фуқаролар итоатсизлигига бўлган барча уринишлар ҳарбийлар томонидан шафқатсизларча бостирилди. БМТ мамлакат бўйлаб шаҳарларда намойишчиларга қарата ўқ узилганини қайд этган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, режимнинг камида 1756 нафар мухолифи ўлдирилган, 13 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Ҳарбийларнинг ҳисоблашича, Аунг Сан Суу Ки партияси ишончли ғалабага эришган сайлов натижалари сохталаштирилганди. Сайлов комиссияси бундай айбловларни инкор этган.

Ко Жимми «88-авлод» талабалар гуруҳи фахрийси бўлган - демократия тарафдори бўлган бу гуруҳ 1988 йилдаёқ ҳарбий хунтага қарши чиққанди. У бир неча йилни қамоқда ўтказган, 2012 йилда озодликка чиққан ва ўтган йил октябрида квартирада қурол ва ўқ-дорилар сақлашда айбланиб ҳибсга олинганди.

Мухолифатчи Ко Жимми 2012 йилда қамоқдан чиққанди. Фото: AP Photo/File

Фио Зейя Тоу — нафақат собиқ рэпер, балки «Демократия учун миллий лига» партиясидан парламент депутати ҳамда Аунг Сан Суу Кининг яқин сафдошларидан бўлган. Ҳип-ҳоп ижрочиси сифатида у ҳарбийларга қарши сўзлари туфайли тез-тез хунта раҳбарларининг ғазабини қўзғаб турарди. У ноябр ойида террорчилик жиноятларида айбланиб қўлга олинганди.

Фио Зейя Тоу Аунг Сан Суу Кининг яқин сафдоши бўлган. Фото: Reuters

Қолган икки маҳкум ҳақида маълумотлар кам. Улар хунта хабарчиси бўлган аёлни ўлдиришда айбланган.