Reuters агентлиги 8 октябр куни Пентагон вакилига таяниб, қатл жонли эфирда узатилишини хабар қилди. Трансляциянинг тафсилотлари кейинроқ эълон қилиниши айтилган.
Режа амалга ошса, Ҳасан 1945 йилдан буён АҚШ ҳарбийлари томонидан отиб қатл этилган биринчи маҳкум бўлади. АҚШ ҳарбий тизимида сўнгги ўлим жазоси эса 1961 йилда ижро этилган.
Қатлни оммага кўрсатишни Пентагон раҳбари қўллаб-қувватлади
Ҳасанга нисбатан ўлим жазосини отиб қатл этиш усулида ижро қилиш таклифини АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет илгари сурган. Президент Доналд Трамп бу қарорни маъқуллаган.
Ҳегсет интервюларидан бирида ҳукмни аскарлар ижро этиши ва одамлар бу жараённи кўриши учун имконият яратилишини айтган. У буни шундай жиноятларнинг оғир оқибатлари борлигини кўрсатиш зарурати билан изоҳлаган.
Форт-Худда нима бўлган эди?
Армияда психиатр бўлиб хизмат қилган Нидал Ҳасан 2009 йил 5 ноябрда Форт-Худ базасида тиббий кўрикдан ўтиш учун тўпланган қуролсиз одамларга қарата ўқ узган.
Ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, яна 32 киши яраланган. Ҳасаннинг ўзи ҳам жавоб ўқи натижасида жароҳат олган ва шундан буён оёқлари фалаж бўлиб қолган.
У ўз ҳаракатларини Афғонистондаги мусулмонларни Америка аскарларидан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган.
Ўлим ҳукми 2013 йилда чиқарилган
2013 йилда ҳарбий суд Ҳасанни айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм қилган. Суд ҳайъати тўрт соатлик муҳокамадан сўнг қарорни бир овоздан қабул қилган.
Ҳасан суд жараёнида ҳужумни амалга оширганини инкор этмаган. У адвокатлар хизматидан воз кечиб, ўзини ўзи ҳимоя қилган, аммо фойдасига гувоҳлар ёки далиллар тақдим этмаган.
Унга қонун талаби бўйича тайинланган адвокатлар Ҳасан атайлаб ўлим ҳукми чиқарилишига эришишга уринган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Шундан буён у Канзас штатидаги ҳарбий қамоқхонада сақланмоқда.















