Давлат тест маркази директори Мажид Каримов блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг Telegram-каналидаги овозли чатда марказда тузилаётган саволлар ташқарига чиқиб кетмаслиги учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

“ДТМ 28 июлдан бошлаб ёпиқ режимга кирган. Мана шу ёпиқ режимни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ тартибот органлари жалб этилган. Тест топшириқларининг чиқиб кетмаслигини назорат қилиш учун алоҳида гуруҳ ажратилган. Улар кеча-ю кундуз шу жараёнларни тўлиқ назоратга олишган. Бу ерда бирор топшириқ чиқиб кетиши мумкин ҳам эмас.

Бунда ходимларнинг ҳеч бири ташқари билан мулоқот қилолмайди, шунингдек, у ерда алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳам чекланган. Чунки жуда кўплаб овоз сўндиргичлари ўрнатилган, ҳатто бизнинг ҳудудга яқин бўлган қўшни идоралардан ҳам алоқа воситаларини ишлатолмагани учун эътирозлар бўлиб қолади. Бу жараён бизга керак бўлгани учун улардан узр ҳам сўраймиз.

ДТМ биносидаги саволлар китоблари / Фото: Kun.uz

Бу – қўшимча чоралар, қолаверса, четдан жалб қилинган мутахассислар жараённи тўлиқ назоратга олишган”, – деди ДТМ раҳбари.

Имтиҳон тестлари қандай тайёрланади? ДТМнинг ёпиқ биносидан репортаж

Каримов Х-вариантлар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Х-вариантга келсак, бунинг ўзи йўқ. Абитуриентларнинг ҳар бири учун алоҳида имзо варақлари берилади, бу варақлар компютерда шакллантирилгани учун кимга қандай савол тушиши ҳам номаълум.

Умуман олганда, бу йил салбий ҳолатлар кузатилмайди деб ўйлайман, чунки бунинг олдини олиш учун биз барча ҳаракатимиз, воситаларимизни сафарбар этганмиз”, – деди у.

ДТМ раҳбарининг айтишича, айни пайтда тестларга тайёргарлик якунланиш арафасида, жойларда стадион ва хиёбонлар шай ҳолатга келтирилган. Имтиҳон жойларига барча воситалар олиб борилган, ҳозирда уларнинг қанчалик созлигини текшириш кетмоқда.