Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларига қабулда вакант қолган ўринлар учун қўшимча танловда иштирок этишни хоҳловчиларни рўйхатга олиш бошланди. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги хабар берди.

Агентликка кўра, бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида иштирок этиб, белгиланган минимал 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга, шу жумладан, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга вакант ўринлар мавжуд бўлган, фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қўшимча танловда иштирок этиш имконияти яратилди.

2026 йил 22 августдан 28 августга қадар (шу куни ҳам) my.uzbmb.uz расмий платформаси орқали мазкур тоифадаги абитуриентлар қўшимча танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Абитуриентларга фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бўлган, вакант ўринлар мавжуд бакалавриат таълим йўналишларини танлаш ҳуқуқи берилади.

Рўйхатдан ўтган абитуриентлар вакант ўринларга тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда, базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия қилинади.

Танлов якунлари бўйича агентлик томонидан тегишли танлов қайдномалари шакллантирилиб, олий таълим ташкилотларига тақдим этилади.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевга кўра, вакант ўринлар сони 32 мингта. Лекин барча фанлар мажмуаси учун ҳам вакант квоталар мавжуд эмас. Масалан, платформа тарих ва чет тили йўналишида вакант жой йўқлигини кўрсатмоқда.

“Сиз танлаган фанлар мажмуаси учун вакант квота бор бўлса ҳам, лекин сиз истаган ҳудудга ва олийгоҳга бўлмаслиги мумкин. Менга Тошкент керак эди, менга фалон олийгоҳ керак эди, деганингиз билан фойда йўқ. Рўйхатда қаер чиқса, ўшанга бор, чиқмаганига йўқ”, – дея қўшимча изоҳ берди Хушнудбек Худойбердиев.

Маълумот учун, жорий йилда бакалавриатга 678 минг абитуриент ҳужжат топширган. Шундан 209 мингдан ортиғи ҳозиргача талабаликка тавсия этилган, 234 минг нафари эса 56,7 балл йиға олмаган.