Шахмат бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган шахмат олимпиадасида биринчи ўринни эгаллади. Бунгача нуфузли турнирдаги энг яхши натижа узоқ 1992 йилда қўлга киритилганди – кумуш медал. Шахмат олимпиадаси ўзи қандай мусобақа, унда кимлар иштирок этади, фаворитлар қайси жамоалар эди, сенсация тақдим қилган ёш шахматчиларимиз қандай натижаларни кўрсатишди, қуйида шулар ҳақида.

Шахмат олимпиадаси қандай турнир?

Шахмат олимпиадаси – Халқаро шахмат федерациясига (FIDE) аъзо мамлакатлар ўртасидаги жамоавий мусобақа бўлиб, 1927 йилдан буён ўтказиб келинади.

Ҳар бир жамоа таркибида тўрт нафар асосий ва бир нафар захира шахматчиси бўлади. Жамоа аъзоларига рейтинг бўйича бирдан тўртгача рақамланган тахталар бириктирилади. Масалан, энг яхши шахматчи ҳар доим биринчи тахтада дона суради.

Бу йил шахмат олимпиадаси 44-марта, Ҳиндистонда эса биринчи марта ўтказилди. Унда 186 мамлакатнинг 188 та жамоаси иштирок этди. Ҳиндистон мезбон сифатида учта жамоа билан қатнашди. Аёллар турнирида эса 160 мамлакатнинг 162 жамоаси (Ҳиндистондан яна уч жамоа) иштирок этди. Шахматчиларнинг умумий сони – 1736 нафар.

Қоидалар қандай?

Албатта 186 мамлакат миллий жамоалари иштирокидаги турнирни ташкил қилиш вақт нуқтайи назаридан осон эмас. Шу туфайли, шахмат олимпиадаси Швейцария тизими бўйича ўтказилади. Унда 2-турдан бошлаб, ҳар бир турда бир хил очко жамғарган жамоалар ўзаро ўйнайди. Шу сабабли, ҳар бир турда деярли тенг кучли жамоалар тўқнаш келади. Бу эса кўп сонли иштирокчилар қатнашаётган турнирни қисқа вақтда якунлаш имконини беради. Мусобақа 11 турдан иборат бўлади.

Шахмат олимпиадаси жамоавий мусобақа бўлгани сабабли, ўйинчилар ғалаба учун 1 очко ва дуранг учун ярим очко оладилар. Якунда очколар жамланади. Ҳар бир миллий жамоа ғалаба учун 2 очко, агар ўйин дуранг билан якунланса, бир очко олади.

Ҳар бир ўйинда шахматчига 90 дақиқа вақт ажратилади. 40 юришдан кейин яна 30 дақиқа қўшимча вақт берилади.

Энг кўп очко тўплаган жамоа олимпиада ғолиби бўлади. Турнирда пул мукофоти йўқ, ғолиблар Ҳамилтон-Рассел кубоги билан тақдирланади.

Ушбу кубок биринчи расмий шахмат олимпиадасида инглиз магнати Фредерик Ҳамилтон-Рассел томонидан соврин сифатида тақдим этилган. Шу сабабли унинг номи билан аталади.