Жаҳон | 08:53 / 16.08.2022
5136
2 дақиқада ўқилади

Мянма собиқ бош вазири Аун Сан Су Чжи яна олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Мянма ҳукуматининг собиқ раҳбари соғлиқни сақлаш ва таълимни молиялаштирган жамғарма маблағларини ўзлаштирганликда айбдор деб топилди. 77 ёшли Аун Сан Су Чжи бу айбловларни рад этди. 

Фото: Reuters

Мянмада ҳарбий хунта назоратидаги суд ҳокимиятдан четлатилган бош вазир Аун Сан Су Чжини коррупция билан боғлиқ тўртта иш бўйича айблаб, қўшимча олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда 15 август, душанба куни Myanmar Now ахборот портали вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди. 

Уларга кўра, 77 ёшли Су Чжи ўзи ташкил қилган ва онаси До Кхин Чжи номини олган хайрия жамғармаси маблағларини ўзлаштирганликда айбдор деб топилган. Собиқ бош вазирга ташкилотнинг соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини молиялаштиришга мўлжалланган маблағлари уй қуриш ва давлат ерларини имтиёзли ставкада ижарага олишга сарфлангани ҳақида айблов қўйилди. Аун Сан Су Чжи буни рад этмоқда. 

Суд жараёни жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокисиз ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Су Чжининг адвокатларига бу жараённинг тафсилотларини ошкор қилиш тақиқланди. 

Аввалги суд жараёнларида 1991 йилги тинчлик учун Нобел мукофоти лауреати Аун Сан Су Чжи фитнадан тортиб пандемия чекловларини бузишгача бўлган айбловлар билан 11 йилга қамалган эди. Агар барча ҳолатларда айбдор деб топилса, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 

Мянмада 2021 йил февраль ойида ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Генераллар тўнтаришни 2020 йилги сайловлардаги қонунбузарликлар юз бергани, натижада Аун Сан Су Чжи йирик ғалабага эришгани билан оқлади. Ҳарбийлар бу қонунбузарликлар ҳақида далиллар келтирмади. Тўнтаришдан сўнг Мянма тобора тартибсизлик ва зўравонликка ботиб бормоқда. 

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, Су Чжи атайин уюштирилган суд жараёнининг қурбони бўлган. Мутахассисларга кўра, ҳарбий хунта ўтмишда кўп йилларни уй қамоғида ўтказган сиёсатчининг овозини абадий ўчириш ниятида. 2022 йил июнь ойида Су Чжи уй қамоғидан мамлакат пойтахти Нейпидода бир кишилик камерага ўтказилди. 

Мавзуга оид