Ўзини ёқиб юборган фуқаро ҳодисаси: Қаршидаги корхона аввалдан экологик талабларни бузиб келгани маълум қилинди
2021 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ҳолати аниқланиб, корхонадан мажбурий компенсация тўловлари ундириш бўйича қарор қабул қилинган.
2022 йил 15 август куни Қарши шаҳридаги Шайхали маҳалласида жойлашган терини қайта ишлаш корхонаси ҳавога қўланса ҳид чиқараётганидан норози бўлган 43 ёшли фуқаро ўзини ёқиб юборди. Ҳодиса юзасидан Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси муносабат билдирди.
Унда ёзилишича, Қарши шаҳридаги “Qarshi Leather” МЧЖ хорижий корхонасида экология ходимлари томонидан мунтазам равишда тасдиқланган дастур асосида табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижросини таъминлаш юзасидан ўрнатилган тартибда тегишли рухсатномалар асосида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Жумладан, 2021 йил март ойида иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори асосида корхонага киритилган даъво аризаси бўйича ўтказилган ўрганишлар натижасида атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ҳолати аниқланиб, 284 миллион сўм мажбурий компенсация тўловлари ундириш бўйича қарор қабул қилинган.
Берилган экологик экспертиза хулосаси талабларининг бажарилиши, ифлослантирувчи моддаларнинг меъёр даражасидан юқори чиққани ва ўрнатилган талабларига риоя этилмагани бўйича аниқланган камчиликлар ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик учун кейинги ўрганишларда 346 миллион сўм маъмурий компенсация тўлови ҳам ҳисобланган.
Ўрганишлар якунида корхонага амалдаги қонунларга тўла риоя этиш бўйича бир неча бор мажбурий кўрсатмалар берилган. 2021 йил ноябр ойида вилоят Экология бошқармаси томонидан иқтисодий судга мазкур хорижий корхона фаолиятидаги камчиликларни бартараф этгунга қадар вақтинча тўхтатиш масаласида ариза киритилган.
Муносабатда ёзилишича, 2022 йил март ойида “Qarshi Leather” МЧЖ корхонаси раҳбари вилоят Экология бошқармасига хат юбориб, корхона хитойлик инвесторлар томонидан 2022 йил 1 март кунидан номаълум муддатга тўхтатилгани, корхонанинг сувларини канализация қувурига қўйиш бўйича бирор бир тўсиқ ва тақиқлар бўлса улар томонидан киритилган инвестиция маблағларини олиб чиқиб кетиш ҳамда корхона фаолияти бутунлай тўхтатилиши айтилган. Шунингдек, хатда корхонанинг иш фаолиятини қайта тиклаш учун Қарши шаҳар канализация қувурининг ғарбий нуқтасига чиқинди оқова сувларини қуйишни маълум қилган.
2021 йил октябр ойида мазкур хорижий корхонадан аҳоли яшаш масканларига яқин бўлган жуда катта майдонга ноқонуний ташланган чиқинди оқова сувларини тозалаш учун вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ, вилоят Экология бошқармасидан ишчи гуруҳ тузилиб, чиқинди сувлари ташланган зовурлар катта маблағ ҳисобига тўлиқ тозаланиб, ушбу зовур тупроқ билан кўмиб ташланган. Ҳозирда мазкур жойлар ободонлаштирилиб, футбол майдончалари ташкил этилган.
“Юқоридаги хабар бўйича вилоят экология бошқармаси масъуллари томонидан ўрнатилган тартибда, тадбиркорлик субъектини ўрганиш бўйича ваколатли органлардан тегишли рухсатномалар олиб, ўз ваколати доирасида тезкор ўрганишлар ўтказилади. Ўрганиш якунлари бўйича қўшимча ахборот берилади”, дейилади муносабатда.