Қашқадарёда ҳайдовчи Damas’ни кўп қаватли уйлар орасида юқори тезликда ҳайдаб, ёш болаларни уриб юборишига бир бахя қолди.

Маълум бўлишича, ҳолат 12 сентябр куни Қарши шаҳри «Чўлқувар» МФЙ ҳудудида содир бўлган. Кузатув камераларидан олинган тасвирларда ҳайдовчи профилкатика инспектори ва фуқаронинг тўхташ ишорасига бўйсунмай катта тезликда ҳаракатланишни давом эттиргани ҳам кўринади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мазкур Damas ва унинг ҳайдовчиси топилганини маълум қилди. Аниқланишича, ушбу шахс ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмай туриб, машина бошқарган.

Ҳайдовчи ўша вақтда стрессда бўлганини айтиб, узр сўраган.

«Ўтириш чиқиб қолганди, акамдан берухсат Damas’ни олиб чиқиб кетдим. Маҳаллада қўпол равишда тез ҳайдадим, ёш болалар чиққан экан, кўрмай қолдим. Ёнимда ёш болалар борлигини аниқ билмагандим. Энди халқимдан, ўша болаларнинг ота-онасидан минг бир узр сўрайман, пушаймонман қилган ишимдан. Ўша вақтда стресс ҳолатда эдим. „Права“ олмасдан бошқа ҳайдамайман», – дейди у.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддалари билан баённома расмийлаштирилди:

  • 125-модда 5-қисми (Давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш);

  • 128−5-модда 2-қисми (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши);

  • 128−10-модда 2-қисми (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги);

  • 135-модда 2-қисмида (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг транспорт бошқариши).

Damas эса вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.