Сурхондарё вилоятининг барча туман-шаҳарларига жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Президент виртуал ва халқ қабулхоналари орқали 14 234 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 932 тага ёки 36 фоизга камайганини кўрсатди.

Вилоят ҳокимлигида аҳоли муаммоларини эшитиш ва ҳал қилиш учун доимий ишловчи 1088-қисқа ишонч телефони йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 734 нафар фуқароларнинг мурожаатлари рўйхатга олинди. Шундан 528 таси ижобий ҳал қилинди.

Вилоятда мурожаатлар ўсиш сабаблари ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, мурожаатлар сонини камайтириш мақсадида, комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Кўрсатилган ҳудудларда май-июль ойларида Термиз шаҳри, Шўрчи, Денов, Қумқўрғон, Шеробод, Сариосиё, Узун, Ангор, Музработ, Бойсун, Жарқўрғон, Термиз туманларида вилоят ҳокими ва сектор раҳбарларининг оммавий сайёр қабуллари ўтказилди. 

Биргина, жорий йилнинг 16 июнь куни вилоят ҳокими Тўра Боболов раҳбарлигида энг кўп мурожаат тушаётган ҳудуд ҳисобланган Бойсун тумани Ўрта Мачай ҳудудида ўтказилган сайёр қабул давомида аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммолар ўрганилди. Шу маҳалланинг Хўжадияк қишлоғи ҳудудида 20 км., Сайроб маҳалласи Қўшчинор қишлоғига 7 км. узунликдаги сув тармоғини тортиш ишлари учун зарур бўлган қувур ажратилди.

Шунингдек, Узун тумани Нурли келажак маҳалласида ўтказилган оммавий сайёр қабулларда мактаб учун янги спорт зали қурилишига, 50 дона электр устунлар ва бир дона трансформатор ўрнатишга, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 10 дона гилам тўқиш дастгоҳи ва тикув машинкалари ажратилишига келишилди.

Жорий йилнинг 3 апрель куни энг чекка ҳудуд ҳисобланган Бойсун тумани Юқори Мачай маҳалласи ҳудудида ўтказилган қабул жараёнида, вилоят ҳокими томонидан маҳалла ҳудудидаги муаммолар атрофлича ўрганилди. Янги мактаб ва мактабгача таълим муассасаси ҳамда тиббий пункт қуриш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими томонидан ўтказилган қабуллар натижасига кўра, Бойсун туманидаги оғир ҳудудлардан бири ҳисобланган Ўрмончи, Дуоба ва Деҳиболо маҳаллалари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 20 км. узунликдаги сув тармоғини тортиш ишлари учун зарур бўлган қувур ажратилди.