Ўрта Осиё молия-иқтисод институти, Тошкент молия-иқтисод институти, Тошкент халқ хўжалиги институти каби бир қанча тарихий номларга эга ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети 1931 йил 13 августда ташкил топган.

Олийгоҳга собиқ иттифоқ халқ комиссарлари кенгаши қарорига мувофиқ асос солинган бўлиб, у дастлаб Туркистон давлат университетининг иқтисодиёт ва жамиятшунослик факултетлари таркибида бўлган, 1931 йил 15 февралда алоҳида институт сифатида шаклланган.

Ўтган давр мобайнида мазкур маскандан ўнлаб академиклар, юзлаб фан докторлари етишиб чиқди, иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун 200 мингдан ортиқ кадрлар етказиб берилди.

Университетнинг бугунги фаолияти

2021 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети 90 ёшга тўлди. Ҳозирда университетда 5 та факултет (Иқтисодиёт, Корпоратив бошқарув, Молия ва бухгалтерия, Халқаро туризм, Рақамли иқтисодиёт), 31 та таълим йўналиши, 34 та мутахассислик бор.

Олийгоҳда умумий ҳисобда 18 126 нафар талаба таҳсил олади. Уларга 898 нафар профессор-ўқитувчи таълим беради. Шундан 2 нафари академик, 88 нафари фан доктори бўлса, қолган 225 нафарини фан номзодлари ва PhD даражасига эга педагог-ходимлар ҳисобланади.

Қўшма таълим дастурлари

Тошкент давлат иқтисодиёт университети хорижий 9 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини амалга ошириб келмоқда. Булар: Россия Федерациясининг Урал давлат иқтисодиёт университети, Aвстриянинг Кремс амалий фанлар университети, Санкт-Петербург давлат транспорт университети, Уфа давлат нефт-техника университети, Қирғизистон иқтисодиёт университети, Индонезия таълим университети ҳамда Россия Федерациясининг Миллий ядровий тадқиқот университети ва Москва тадбиркорлик академияси. Жами 1441 нафар талаба ушбу қўшма таълимда таҳсил олишмоқда.

Қўшма таълим дастурлари орасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети бир йилга яқин муддат давомида олиб борилган музокаралар натижасида Лондон университети ва Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) билан келишувга эришиб, ҳамкорликда йўлга қўйган ISEF (International School of Economics and Finance) қўшма таълим дастури алоҳида эътиборга лойиқ.