Ўзбекистон | 13:03 / 26.08.2022
45765
2 дақиқада ўқилади

Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тасдиқланди

Оқсоқоллар кенгаши қарорига мувофиқ Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тавсия этилган Аманбай Тлеубаевич Оринбаевнинг номзоди маъқулланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Аманбай Оринбаевнинг раҳбарлик қобилияти, ватанпарварлиги ва инсоний фазилатларини, шунингдек, ҳудудни ривожлантириш борасидаги таклифларини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди.

«Сизнинг биттаю битта вазифангиз - халқни рози қилиш. Ҳар бир туман, қишлоқ ва овулларга кириб бориб, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш керак», - деди давлат раҳбари.

Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг, Жўқорғи Кенгес раисини сайлаш масаласи овозга қўйилди. Яширин овоз бериш йўли билан Аманбай Оринбаев бир овоздан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига сайланди.

«Аманбай Оринбаев адолат, садоқат, ҳалоллик, масъулият, ташаббускорлик ва фидойиликни ўз фаолиятининг энг муҳим мезонлари сифатида белгилаб олиб, сайланган лавозимида  Қорақалпоғистон аҳлига сидқидилдан хизмат қилиши ва ўзига билдирилган ишончни оқлаши лозим», деди президент Жўқорғи Кенгеснинг янги раисига мурожаат қилар экан.

Оринбаев 2020 йил кузидан буён Қорақалпоғистон раҳбари бўлган Мурат Камаловнинг ўрнини эгаллади. Бугунги сессияда президент Қорақалпоғистон раҳбариятини июн ойи бошидаги воқеалар учун кескин танқид қилганди.

Маълумот учун, 2016-2017 йилларда Нукус шаҳар ИИБ бошлиғи бўлган Аманбай Оринбаев 2017 йил майида Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, 2019 йилнинг мартидан 2020 йил февралигача Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритган, кейин икки йил ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган, 2022 йил мартида Қорақалпоғистон ички ишлар вазири этиб тайинланганди.

2022 йил июлидан ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

Мавзуга оид