Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш якунида Аманбай Оринбаевнинг хизматлари эътироф этилди.

Унга ички ишлар органлари тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, хавфсизлиги ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувликни асраш ҳамда мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари учун давлат раҳбари томонидан генерал-майор махсус унвони берилди.        

Маълумот учун, Аманбай Тлеубаевич Оринбаев 2016-2017 йилларда Нукус шаҳар ИИБ бошлиғи бўлган. 2017 йил майидан Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи, 2019 йил мартидан 2020 йил февралигача Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Кейинги икки йил ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган, 2022 йил мартида Қорақалпоғистон ички ишлар вазири этиб тайинланганди.

2022 йил июлидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган Аманбай Оринбаев 2022 йил август ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига тасдиқланганди.