Алмати –Тошкент –Термиз халқаро М-39 йўли устида жойлашган, ҳали қурилиш жараёни кетаётган «ANGOR INDEX» аллақачон одамларнинг тилига тушишга улгурди. 174 миллиард сўм ички инвестиция маблағлари тикилган ушбу мажмуанинг қурилиши қандай бошлангани, пайдо бўлган қийинчликлар ва ютуқлар, умуман бу мажмуани барпо этишдан кўзланган мақсад нима эканлигига қизиқдик.

«ANGOR INDEX» МЧЖ тижорат директори Камолиддин Ҳайдаровнинг ҳикоя қилиб беришича, мажмуа президент Ш.Мирзиёевнинг 2021 йилда Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи давомида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш доирасида қурилмоқда.

«ANGOR INDEX» мажмуаси Ангор тумани марказига кириш қисмида, Термиз-Тошкент-Алмати М-39 халқаро йўлининг шундоққина бўйида барпо этилмоқда. «ANGOR INDEX» нафақат Сурхондарё вилоятида, шу минтақада муҳим транспорт-логистика маркази бўлиши назарда тутилган. Чунки «АНГОР ИНДЕКС» мажмуаси жойлашган жойдан Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонгача бўлган масофа 100 км.ни ҳам ташкил этмайди.

Бу ерда 700 дан зиёд турли ҳажмдаги савдо дўконлари, омборлар, хизмат кўрсатиш ва овқатланиш нуқталари, ишлаб чиқариш майдонлари бўлиши кўзда тутилган. 

«Мажмуада карго ва логистика хизматлари йўлга қўйилади. Юклар тўғридан-тўғри шу ерга келтирилади. тадбиркорларимиз Тошкент шаҳрига бўлган 700 км йўлни босиб ўтиш учун вақт ва пулларини тежашади. Қолаверса, биринчи қўл сифатида шу ерда маҳсулот ва товарларини сотишади ҳамда эксепортга йўналтиришади», — деди «ANGOR INDEX» МЧЖ тижорат директори Камолиддин Ҳайдаров.

Камолиддин Ҳайдаров

«ANGOR INDEX» мажмуаси қурилиши асносида турли телеграм каналлар ва ижтимоий тармоқларда ер майдонлари талон-торож қилингани билан боғлиқ салбий хабарлар тарқатилди. Бунга асос қилиб, Бош прокуратура хабари олинган.

Камолиддин Ҳайдаровнинг қайд этишича, бундай бўҳтон хабарлар тарқатиш журналистик этикага тўғри келмайди. Чунки бу ерда ҳеч ким ер сотиш билан шуғулланмаган. Тарқатилган фотосуратда қизил чизиқ билан айлантириб белгиланган ер майдонининг барчаси «ANGOR INDEX»га тегишли эмас, яъни магистрал йўлларнинг муҳофаза зонаси учун қолдирилган ерлар уларнинг балансига кирмайди.