Янги мавсумга янгиликлар билан. Футзал ривожи йўлида жон куйдираётган BMB FC тақдимот маросимини ўтказди
Ўзбекистонда ҳукумат томонидан ёшлар ва болалар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда амалга оширилаётган лойиҳалар ўзининг самарасини бера бошламоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш (селекция) тизими ва футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, футбол бўйича спорт мактаблари фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини яхшилаш, ўтказилаётган мусобақалар савиясини юксалтириш муҳим масала бўлиб қолмоқда.
BMB Trade Group инвестицион-консалтинг компанияси юртимизда спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда соҳага замонавий менежментни жорий қилиш йўналишида муҳим лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Компания томонидан асос солинган «BMB FC» футбол клуби биринчи мавсумнинг ўзидаёқ футзал бўйича 1-лига мусобақаларида чемпионликка эришиб, Ўзбекистон Олий лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Юқори дивизионда ҳам чемпионликни мақсад қилган жамоа 26 август куни «Ҳилтон» меҳмонхонасида янги футзалчи ва хорижий мутахассисларни таништирув маросимини ўтказди.
Тадбирни BMB Тrade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси ва BMB футзал клуби президенти Бекзод Маматқулов очиб берди: «Сўнгги 5 йилда иқтисодиётимизда кўплаб ўзгаришлар рўй берди. Президентимиз ташаббуслари билан хусусий секторга кенг йўл берилди. Давлат раҳбаримиз тез-тез тадбиркор бизнесидан орттира олса, ижтимоий соҳаларга ва спортга эътибор қаратиши кераклигини айтадилар.
Биз ҳам спорт билан ҳамнафасмиз. Бугунги кундаги асосий мақсадларимиздан бири — футбол ҳамда футзални ривожлантириш. Футзалимиз Осиё ва жаҳонда ўз ўрнига эга. Лекин бу ҳам етарли эмас. Шу сабаб Бразилиядан легионерлар жалб қилдик, бу орқали ёшларимизнинг малакасини оширмоқчимиз.
Бизни қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат айтаман. Мақсадларимиз жиддий. 5 йиллик стратегиямиз бор. Фақат BMB эмас, бутун мамлакатимиз футзалини ривожлантирамиз. Келажакда миллий жамоамизни доим жаҳон чемпионатига чиқадиган даражага етказамиз».
Шундан сўнг янги футзалчилар таништирилди. Олий лигага чиққан клуб ёзги трансферлар ойнасида бразилиялик Пауло Энрике Суарес Де Соуза (Паулиньо), Оливера Де Жесус Соуза Ҳебберт (Болт), Фернандо Родригез Де Соуза (Фернандиньо) ва бош мураббий маслаҳатчиси Витор Вианналар билан шартнома имзолаганини маълум қилди.
Шунингдек, таркибга Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари — Равшан Элибоев, Акбар Усмонов, Машраб Одилов, Ҳусниддин Нишонов, Даврон Чориев ва бир қатор ёш иқтидорлар қўшиб олинди.
Дарвозабон Равшан Элибоев сўзга чиқиб, Европадан таклифлар бўлганига қарамай, айнан BMBни танлагани сабабини изоҳлади: «Янги мавсумга тайёргарлик кўряпмиз. Ўтган мавсумни Қозоғистон чемпионатида ўтказдим. Ушбу мавсум арафасида ҳам Европадан бир қатор таклифлар бўлди, аммо BMBни танладим. Чунки бу клубда жаҳон даражасидаги шароитлар яратилган ва мақсадлар улкан. Ёшларга ўз тажрибам билан ёрдам бериб, футзалимиз келажаги учун ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Олға, BMB ».
Шундан сўнг клуб бош директори Рустам Зупаров ҳақида тақдимот юқори даражада ташкил этилгани ҳақида фикр билдирди: «Ҳаммани кўрганимдан хурсандман. Кўряпсизлар, йигитлар ҳам ҳаяжонда. Бундан тадбирлар футбол демайман-у, аммо футзалимизда аниқ бўлмаган.
BMB футзалимизни ривожлантириб, бу спорт турига ёшларнинг қизиқишини оширмоқчи. Ўйлайманки, бу, албатта, ижобий натижа беради».
Тақдимотда Ўзбекистон учун тарихий янгилик ҳам эълон қилинди — компания томонидан италиялик Берлусконилар оиласи билан ҳамкорликда «ORO ROSSO MILANO» бренди таъсис этилгани, эндиликда BMB Za’faron миллий маҳсулоти дунё бозорида «ORO ROSSO MILANO» бренди номи билан юритилиши таъкидланди. Брендни жаҳонда кенг тарғиб қилиш мақсадида Италиянинг «Милан» ва «Mонца» футбол клублари билан узоқ муддатли расмий ҳамкорлик шартномалари имзолангани айтилди.
Маросимда бразилиялик легионерлардан Ҳебберт Болтга ҳам сўз берилди: «Бундай тадбирда илк бор иштирок этяпман. BMB томонидан соғлом туршуш тарзини тарғиб қилиш ва футзални ривожлантиришга бўлган эътибор бу ерга келишимга сабаб бўлди. Мақсадим — клуб билан чемпион бўлиш ва мамлакатингизда ёшлар ўртасида футзалга бўлган қизиқиш ошишига ёрдам бериш. Бизнинг оиламиз, албатта, чемпион бўлади. Олға, BMB ».
Клуб президенти Бекзод Маматқуловнинг севимли «7» рақамини олган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Акбар Усмонов футзалга бўлган эътибордан хурсандлигини яширмади: «Футзалга эътибор кучаяётганидан хурсандман. Бизга ажойиб шароитлар яратиб берилмоқда. Бунинг учун Бекзод акага миннатдорчилик билдирамиз».
Умуман олганда, Олий лигага чиққан футзал жамоасининг тақдимот маросими Ўзбекистоннинг катта футбол клублари ҳам ҳавас қиладиган даражада ташкил этилди.
Журналист Аъзамжон Иззатиллаев
Мавзуга оид
21:52 / 20.09.2024
Футзал бўйича ЖЧ-2024. Ўзбекистон Коста-Рикага ҳам мағлуб бўлиб, турнирни гуруҳ босқичида якунлади
22:01 / 17.09.2024
Футзал бўйича ЖЧ-2024. Ўзбекистон Парагвай билан ўйинда мағлубиятга учради
22:06 / 14.09.2024
Футзал. Ўзбекистон жаҳон чемпионатини жанговар дуранг билан бошлади
15:59 / 26.07.2024