Испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес «саломатлигидаги жиддий муаммолар туфайли» ўз хоҳишига кўра футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Ўзбекистон футзал федерацияси хабар берди.

Маълум қилинишича, Мендес август ойи охиридан буён юрак етишмовчилиги сабабли тиббий кўрикдан ўтаётганди. Мутахассис дастлаб Тошкентда текширилган, сўнг чуқурлаштирилган кўриклардан ўтиш учун Мадридга юборилган.

Испаниялик шифокорлар мураббийга муайян вақтга профессионал фаолиятини тўхтатиб туришни ва жиддий даволаниш курсини ўташни тавсия қилишган.

Шу муносабат билан Мендес федерация раҳбариятига истеъфога чиқиш илтимоси билан мурожаат қилган. Мурожаатни кўриб чиқиб ва унинг саломатлиги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, раҳбарият илтимосни қаноатлантирди.

«Ҳатто узоқда бўлсам ҳам, миллий терма жамоанинг кейинги фаолиятини кузатиб бораман ва унга мухлислик қиламан. Жаҳон чемпионатига йўлланмани албатта қўлга киритишингизга ишонаман. Агар зарурат туғилса, бўлажак мураббийлар штабига ёрдам беришга ва маслаҳатлар беришга ҳамиша тайёр эканимни маълум қилмоқчиман», – деб ёзди Мендес федерация раҳбариятига йўллаган хайрлашув хатида.

Федерация мутахассисга даволаниш жараёнини муваффақиятли ўтказиш, тезроқ тузалиб кетиш ва саломатлигини тўлиқ тиклашни тилади.

Ҳозирча жамоага янги бош мураббий тайинлаш бўйича қарор қабул қилинмаган.