Андижон вилоятида Мустақиллик байрами олдидан саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ишга тушириш анъанага айланган. Шу кунларда ҳудудда 30 га яқин ана шундай объектлар ишга туширилиб, уларда 10 мингта янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари ижтимоий соҳа объектлари бўлган - мактаб, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда маҳалла гузарларининг ҳам очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур объектларнинг очилиш маросимларида иштирок этди.
Андижон тумани, “Нохотак” маҳалла фуқаролар йиғинида “KB GOLD SELIN” МЧЖ томонидан одеял ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Лойиҳа қиймати 5,2 миллион АҚШ доллари бўлган, йилига 500 минг дона одеял ишлаб чиқарувчи ьазкур корхонада 200 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланади. Эътиборли жиҳат: ишчиларнинг ойлик маоши ишга кирган кунидан 2 млн сўмни ташкил этиб, фаолияти давомида 4 млнгача кўтарилади.


“АGROBANK” вилоят бошқармасининг янги қиёфага кирган биноси Андижон шаҳрининг Пушкин кўчасига кўрк бағишлади. Аҳоли ва юридик шахсларга сифатли ва замонавий банк хизматларини кўрсатиш учун бунёд этилган мазкур бинонинг капитал таъмирланиши учун 28 млрд маблағ сарфланган.

Олтинкўл тумани Садда қишлоғида “Penye tex” МЧЖ томонидан амалга оширилган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида 300та иш ўрни яратилди. Тадбиркор Корхона йилига 4,0 миллион дона трикотаж кийимлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, йиллик экспорт ҳажми 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.


Байрам арафасида очилган энг катта лойиҳалардан бири “Асакатекстил” МЧЖ томонидан ташкил этилган тўқимачилик комплекси бўлди.















