Тошкентда футбол бўйича Мираброр Усманов халқаро хотира турнири бўлиб ўтди
22–27 август кунлари пойтахтимизда таниқли давлат арбоби, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол федерациясининг собиқ президенти, марҳум Мираброр Усманов хотирасига бағишланган “MIRABROR USMANOV MEMORIAL CUP-2022” халқаро хотира турнири бўлиб ўтди.
Ушбу турнирда 16 ёшгача бўлган 4 та жамоа: Ўзбекистон, Япония, Эрон ва Тожикистон ўсмирлар терма жамоалари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоиз, мусобақа аввалида очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган меҳмонлар Мироброр Усмановнинг ўзбек футболи ва спортига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этишди. Шунингдек, бугунги кун футбол ривожининг тамал тоши ўша пайтларда қўйилгани, бу ўз мевасини бераётгани футболимиз фахрийлари томонидан алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг турнирни Ўзбекистон ва Эрон ўсмирлар терма жамоалари бошлаб беришди. Қизиқарли ва муросасиз тарзда кечган учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.
Иккинчи ўйин Тожикистон ва Япония ўсмир футболчилари ўртасида кечди. Унда кун чиқар юрт вакиллари 0:2 ҳисобида зафар қучди.
Иккинчи турдаги Эрон U 16 – Тожикистон U 16 жамоалари баҳсида 2-1 ҳисобида форсларнинг қўллари баланд келди. Ўзбекистон ва Япония ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги учрашувда эса вакилларимиз рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп йўллашди.
Учинчи турдаги Эрон – Япония ўсмирлар терма жамоалари ўйинида эса 3-1 ҳисоби қайд этилди. Сўнгги турдаги Ўзбекистон ва Тожикистон ўсмирлар терма жамоалари қарама-қаршилигида вакилларимиз рақибларини катта фарқ билан ортда қолдиришди. 5:0.
Мусобақа низомига мувофиқ турнир давомида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига “MIRABROR USMANOV MEMORIAL CUP-2022” халқаро хотира турнири кубогини Мираброр Усмановнинг фарзанди Жаҳонгир Усманов топширди.
Бундан ташқари, турнирда турли номинациялар бўйича энг яхшилар ҳам тақдирланди. Шунингдек, ҳар бир давлат вакилларига алоҳида эсдалик кубоклари топширилди. 22–27 август кунлари бўлиб ўтган турнирда, энг муҳими йиғилганлар ўтмишни ёд этиб, бўлажак футбол юлдузларининг ўйинидан баҳраманд бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, таниқли давлат арбоби, ўз ишининг чин фидойиси, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби, бир неча йиллар давомида спортимиз, хусусан футболимиз ривожланиши ҳамда дунёда ўз ўрнига эга бўлишида улкан ҳисса қўшган.
Мираброр Усманов 2019 йилнинг 15 март куни вафот этган.