Шу фурсатдан фойдаланиб, энг азиз ва муқаддас байрамимиз – Республикамиз Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан барча юртдошларимизни Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси жамоаси ҳамда аъзолари номидан самимий қутлаймиз:
Баҳодир Умиршайхов, Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси:
- Таъкидлаш жоизки, давлатимиз мустақиллигининг ўтаётган 31 йили халқимиз ҳаётидан кенг кўламли ислоҳотлар, улкан янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилган давр сифатида ўрин олмоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби, озиқ-овқат саноати йўналишида ҳам давлатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган янги ташаббуслар, мамлакатимиз тадбиркорларига яратилаётган имкониятлар ишбилармон доира вакилларини янада кучли бел боғлаб, соҳани ривожлантириш учун ҳаракат қилишга ундамоқда.
Аниқ фактлар билан фикрларимизни баён этадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида божхона тартибларини либераллаштириш туфайли экспорт ҳажми 15,1 миллиард долларни ташкил қилиб, 2016-йилга нисбатан 25 фоизга ўсди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасининг турли халқаро рейтингларда тан олиниши давлатимиз учун халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятини яратди. Сармоядорларнинг миллий иқтисодиётимизга бўлган ишончи ошди, киритиладиган инвестициялар миқдори кўпайди.
Солиқ соҳасида янги тизим жорий этилиб, уларнинг сони сезиларли даражада камайтирилгани тадбиркорлар учун кўплаб енгилликларни яратди.
Ўтган йиллар давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ҳамда уларни бериш муддатлари қисқартирилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий эълон қилинди.
Бизнес соҳасида фаолият юритувчиларга берилаётган имтиёзлар туфайли мамлакатимиз иқтисодиётида сезиларли даражада ўсишлар кузатилди. Буларнинг барчаси туб замирида, албатта, мустақиллигимиз туради. Бизга шундай имкониятларнинг яратилишига имкон бераётган эркин ва ҳур мамлакатимизнинг истиқлоли абадий бўлсин! Юртимиз тадбиркорларининг ишлари янада ривожланиб, иқтисодий ўсишларимиз бардавом бўлишига тилакдошмиз! Барчага байрам муборак!
Абдусамад Абдуғаниев, “Sladus Produce” МЧЖ Бош директори:
- Ўтган давр мобайнида юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари икки баробардан зиёдроққа кўпайиб, соҳада янги иш ўринлари яратилди. Бу нимадан дарак? Албатта, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун етарли даражада шарт-шароитлар яратилганининг нишонасидир, десак адашмаймиз!







