Ўзбекистон | 18:46 / 02.09.2022
102688
5 дақиқада ўқилади

Аёлларга “декрет” пули тўлаш бошланди. Қаерга ва қандай мурожаат қилиш лозим?

1 сентябрдан хусусий секторда банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми бюджетдан компенсация қилинади. Аёллар “декрет” пули компенсациясини олиш учун қандай талабларга жавоб бериши, қаерга мурожаат қилиши керак? Молия вазирлиги департамент директори Гулнора Муродова Kun.uz мухбири билан суҳбатда янги тартибнинг энг муҳим жиҳатларини санади.

“Декрет” пулининг қанча қисми бюджетдан тўлаб берилади? 

Фаолият туридан қатъий назар юридик шахс ташкил қилиб, фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган аёлларга “декрет” пулининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Умумий тартиб Меҳнат кодексига асосан ишлайди. Дeйлик аёлнинг иш стажи ва ойлик маошини инобатга олган ҳолда, унга “декрет” пули 6 миллион сўм чиқади – шу сумманинг 2 миллион сўми давлат томонидан компенсация қилиб берилади. Қолган қисмини тадбиркор ўзи тўлаб бериши керак.

2022 йил учун 200 миллиард сўм ажратилмоқда. Бу дегани қарийб 100 мингта аёлга Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўлаб берилади. Агар маблағ яна зарур бўлса, ҳукумат томонидан қўшимча маблағ йўналтириш йўллари кўриб чиқилади.

Бу тартиб барча ҳомиладор аёллар учун амал қиладими?

Йўқ, бунда ўзига яраша талаблар бор. Булар:

  • Нафақага талабгор аёл камида узлуксиз 6 ой давомида ўша корхонада ишлаган бўлиши керак;
  • Ягона миллий меҳнат тизимида расман банд бўлгани, корхона томонидан меҳнат дафтарчаси очилгани ҳамда унинг буйруқлари корхона томонидан киритилгани ҳисобга олинади;
  • Шунингдек, 6 ой давомида аёлнинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари акс эттирилган бўлиши керак;
  • Нафақа фақатгина 2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб “декрет”га чиққан аёлларга тўлаб берилади.

Шу категорияларга тўғри келган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб берилади.

Молия вазирлиги департамент директори Гулнора Муродова / Фото: Молия вазирлиги

Қаерга мурожаат қилиш керак?

Ҳеч қаерга мурожаат қилиш шарт эмас, жараён про-актив (электрон кўрсатиладиган хизмат) тарзда амалга оширилади. Аёлларимиз “декрет”га чиқишдан олдин хоҳлайдими, йўқми, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиб, “болничный лист” олишади. Тиббиёт муассасаларида айти ҳамширалар бор, улар бюллетен беришдан олдин аёлимизни ягона ижтимоий ҳимоя реестрига алоҳида рўйхатдан ўтказишади. Битта илтимосимиз бўларди, аёлларимиз айти ҳамширалар исм-фамилия ва телефон рақамларини сўраб рўйхатга олганда, тўғри маълумот беришлари лозим.

“Декрет” пули ажратиш жараёни қандай кечади?

Биринчи босқич рўйхатга олишдан бошланади. Маълумотлар тўғри киритилса, улар базага тушади, кейинги босқичда электрон текшириш бошланади. Яъни маълумотлар бизнинг базага келиб тушгач, УЗАСБО дастуримиз орқали аёл юридик шахсда ёки давлат ташкилотида ишловчи экани аниқланади. Биласиз, ҳозирги кунда давлат муассасаларида ишловчи аёлларнинг нафақа пули давлат бюджетидан тўлаб берилади, шунинг учун агар у аёл давлат ташкилотида ишласа, унга “декрет” пули давлат томонидан тўлаб берилиши кафолатланган. Агар аёл ҳам давлат ташкилоти ва ҳам хусусий секторда ишласа, бунда унинг биринчи иш жойи инобатга олинади. Ҳар иккала томондан декрет пули тўлаб берилмайди. УЗАСБОдан текшириб бўлгандан кейин аёлимизнинг маълумотлари кейинги босқичга ўтказилади. Бу босқичда Давлат солиқ қўмитасининг базаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатларининг ягона миллий меҳнат тизими орқали электрон текширилади. Бу иккаласида ҳам аёл мавжуд бўлса, унинг базага киритилган (айти ҳамширасига берилган) рақамига “сизга нафақа тайинланди, кейинги ойнинг 10-санасигача пул тўлаб берилади”, деган смс боради. Худди шу маълумот Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида иш берувчининг шахсий кабинетига ҳам юборилади: “Ҳурматли тадбиркор, сизда фаолият юритувчи аёлга нафақанинг бир қисми давлат томонидан тўлаб берилади”.

Иш берувчи нафақанинг қолган қисмини тўлаши шарт

Аёл нафақани олиши ҳақида билди, энди тадбиркор умумий тўлаб берилиши керак бўлган суммадан 2 миллион сўмини чегириб, қолганини тўлаб беради.

Нафақа қандай шаклда тўлаб берилади?

Агар аёлда пластик карточкаси бўлса, охирги транзакцияси 60 кундан ошмаган карточкасига пул ташлаб берилади. Агар унда картаси бўлмаса ёки охирги транзакция муддати 60 кундан ошиб кетган бўлса, картага ташлаб берилмайди. Бундай ҳолларда, ўзига яқин “Халқ банки”га мурожаат қилиши кераклиги ҳақида смс боради. Бунда нафақа нақд пулда тўлаб берилади.

Шунақа ҳолатлар бор: биз амалга ошираётган операцияларда хатолик бўлса, яъни иш берувчи ягона миллий меҳнат базасида аёлнинг маълумотларини акс эттирмаган бўлса, тадбиркорга уни рўйхатдан ўтказиш ҳақида хабар боради. Шундан кейин аёлга нафақа тайинланади. Бундай ҳолларда нафақа тайинланмай қолса, хавотирга ўрин йўқлигини айтмоқчимиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид