Конференцияда Халқаро Combat jiu-jitsu федерацияси президенти Владислав Шипинский, Осиё Combat jiu-jitsu федерацияси президенти Ата Адаев, Ўзбекистон Combat jiu-jitsu ассоциацияси мутасаддилари, ҳакамлар ҳайъати, спортчи ва мураббийлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Combat jiu-jitsu ассоциацияси бош котиби Ғайрат Набиев бошлаб берди ва кун тартиби билан таништирди.
Кун тартибига биноан, Ғайрат Набиев ассоциация раисининг буйруғини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, ассоциация раисининг биринчи ўринбосари сифатида Отабек Шуҳратович Исламов фаолият олиб борадиган бўлди.

Шунингдек, Алишер Рустамбекович Бобожонов раис ўринбосари, Қодир Раҳматуллоевич Кулиев раиснинг халқаро муносабатлар бўйича ўринбосари, Риза Жаппарали ўғли Сафаров эса ассоциацияда ижрочи директор лавозимларига тайинланди. Улуғбек Ахтамович Раҳмонов эса Combat jiu-jitsu бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.

Ассоциация раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Отабек Исламов сўзга чиқар экан, ташкилотда ишларни янада жадалаштириш ҳамда режага асосан бўлиб ўтадиган мусобақаларга тайёргарлик кўриш, республика миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда ғолиб бўлган спортчиларни нуфузли ҳалқаро мусобақаларга муносиб тайёрлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Айниқса, бугунги кунда ёшларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада ошириб, уларни турли нопок йўлларга кириб кетмасликларини олдини олиш билан бир қаторда спорт орқали тарбиялаб, жисмонан соғлом ва маънавий етук қилиб тарбиялаш асосий мақсад эканини таъкидлади. Беш муҳим ташаббусда белгилаб берилган вазифалардан бири бу ёшларни спорт тўгаракларига жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлашдир.









