Kun.uz мухбири суриштирувида маълум бўлишича, Ўзбекистон тумани Қум маҳалласида яшаган Муҳаммадакбар Абдупаттоев оиланинг кенжа фарзанди бўлиб, машъум ҳодиса содир бўлган 21 июл куни уни боғчага 11 ёшли опаси олиб борган, аммо бола у билан уйга қайтган. У қўшни болалар билан ўйнаш учун уйдан кўчага чиқиб кетган ва ҳовли орқасидаги сойга чўкиб кетган.

Сойга чўкиб кетган бола

Муҳаммадакбарнинг бувиси Ҳанифахон Абдувалиева боғча тарбиячиларининг масъулиятсизлиги сабаб неварасидан айрилганини айтади.

Ҳанифахон Абдувалиева

«Шу куни неварамни опаси боғчага олиб борганда, у ерда 5 нафар тарбиячи ўтирган экан. Укасини ташлаб чиққанидан кейин тарбиячилар неварамга эътибор бермаган. Опасига эргашиб кетаётган болани кўрган тарбиячи «укангиз боғчада қолсин», деганида «опаси ўзим билан олиб кетавераман, боғчага қайтиб кирмайман», деган.

Шу куни тишимни даволатгани шифохонага кетган эдим. Уйда бўлганимда ўзим болани боғчага қайтариб ташлаб келган бўлардим. Унинг боғчадан қайтиб келганини онаси ҳам билмай қолган. Ҳовлимиз орқасидан сой оқади. Ўйнаб бориб, тўлиб-тошиб оқаётган сойга сирпаниб оқиб кетибди», — дейди бувиси.

Муҳаммадакбар Абдупаттоевни оқизиб кетган Собиржонсой

Бувисининг айтишича, невараси аввал ҳам боғча ҳудудидан ташқарида ўйнаб юрганида овсинининг келини кўриб қолиб, ичкарига ташлаб чиққан экан.

«Аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Невараларим билан Муҳаммадакбарни боғчага ташлагани борганимда, опаси уни тарбиячиларининг олдига олиб борди, лекин тарбиячилар болага эътибор беришмади. Неварам опасининг орқасидан эргашиб, ёнимизга қайтиб келди.

Мен унинг қўлидан тутиб тарбиячиларнинг олдига олиб бордим. Болага эътибор бермаётганларини айтиб, койиб бердим. Икки марта шундай ҳолат юз берди. Учинчи мартасида эса бахтсиз ҳодиса бўлди.