Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош ассамблеяси 77-сессияси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Шри-Ланка ташқи ишлар вазири Муҳаммад Али Сабри билан учрашди.

Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорлик бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.

Томонлар БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро институтлар доирасидаги мулоқотни давом эттириш тайёрлиги қайд этилди. Шри-Ланка ташқи ишлар вазири Ўзбекистон томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги сиёсий-дипломатик ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Савдо, инвестициялар, сайёҳларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича икки мамлакат ўртасида шартнома-ҳуқуқий базани кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.