07:25 / 27.09.2022
10797

ФХХ Грузия билан чегара пунктига бронетранспортёр юборди

ФХХ чегарада навбатда турган одамлар «ўтказиш пунктини бузиб ўтиб, ҳеч қандай чегара расмиятчиликларини бажармасдан мамлакатни тарк этмоқчи бўлса», деб зирҳли транспортёр юборганини маълум қилди.

Видеодан кадр

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Грузия билан чегарадош Шимолий Осетиядаги Юқори Ларс чегара пунктига ҳарбий хизматчилар билан зирҳли транспортёр жўнатди. Бу ҳақда 26 сентябр, душанба куни ФХХнинг Шимолий Осетия бўйича чегара бошқармасига таяниб, РБК хабар берди.

«Зирҳли транспорт воситаси у ерга ҳаракатланмоқда, бироқ назорат пункти ўрнатиш учун ҳаракатланаётгани йўқ, қўпол қилиб айтганда, захирадагилар назорат-ўтказиш пунктини бузиб ўтиб, ҳеч қандай чегара расмиятчиликларини бажармасдан мамлакатни тарк этишни истагани учунгина. Фақат шу мақсадда», - деб хабар берди РБКга чегара бошқармаси, ФХХ назорат пунктларини ўрнатишни режалаштирмаганлигини таъкидлади.

«Назорат пункти нормал режимда ишламоқда, чақирув ёшидаги эркак фуқароларнинг чиқиши учун ҳеч қандай чекловлар жорий этилмаган», — дея қўшимча қилди идора. Зирҳли транспортёрнинг аскарлар билан келгани ҳақида чегарада турган одамлар ҳам чегара пунктидан видеони эълон қилишган.

Аввалроқ Telegram-каналлар Россия-Грузия чегарасидаги «Юқори Ларс» божхона постида катта тирбандлик туфайли Россия фуқароларига чегарадан пиёда ўтишга рухсат берилгани ҳақида хабар қилганди.

ФХХнинг Шимолий Осетия бўйича чегара бошқармаси матбуот хизмати аниқлик киритишича, россияликларга чегарани пиёда эмас, балки самокат ёки велосипедда кесиб ўтишга рухсат берилган.

«Пиёда тартибида - бу самокатларда, велосипедларда ва ҳоказоларда деган маънони англатади. Бизда халқаро автомобиль назорат пунктимиз бор, аслида уларда транспорт бўлиши керак. Одамлар турли назорат пунктлари тартибини кузатиши керак. Яъни, аслида улар велосипедда, мопедда, скутер, самокат ва бошқаларда чиқиб кетяпти», — дея идора матбуот хизматидан иқтибос келтирган РБК.

ТАСС агентлигининг хабар беришича, 26 сентябр куни тушдан кейин Россия ва Грузия чегарасида уч ярим мингга яқин автомобиль тўпланиб қолган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тирбандлик 20 километрга чўзилган.

Россия президенти Владимир Путин сафарбарлик эълон қилганидан кейин россияликлар мамлакатни фаол тарк эта бошлади. Сайёҳлар учун очиқ бўлган мамлакатларга парвозлар учун чипталар деярли тўлиқ сотиб бўлинди, қуруқлик чегараларида кўп километрлик тирбандликлар пайдо бўлди. Медуза'нинг президент маъмуриятига яқин манбалари 28 сентябр куни эркаклар учун чегарани кесиб ўтишга чекловлар жорий этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top