Истанбулнинг Умрания туманида ўлдирилган 36 ёшли Дурдона Ҳакимова ва 32 ёшли Сайёра Эргашалиева иши бўйича 11 сентябр куни якуний суд мажлиси бўлиб ўтди. Қотиллик қилиб, жасадларни шаҳарнинг турли туманларидаги чиқинди қутиларига ташлаганликда айбланган 31 ёшли Дилшод Турдимуротов ва 29 ёшли Ғофуржон Камолхўжаевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳар икки айбланувчига “қасддан, ваҳшийлик ҳисси билан ёки азоб бериб ўлдириш” жинояти учун икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси берди. Шунингдек, шахснинг ўлимидан фойдаланиб, турар жойда ўғрилик қилиш” жинояти бўйича ҳар бирига икки мартадан 7 йил – жами 14 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг 24 январида Истанбулда Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимованинг бошсиз танаси чиқинди контейнеридан топилган эди. Қотилликда гумонланган икки нафар ўзбекистонлик эркак Истанбул аэропортида қўлга олинган.

Тергов доирасида Дурдона Ҳакимованинг ўлими бўйича ҳибсда бўлган Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаев билан ўтказилган суҳбатлар натижасида Сайёра Эргашалиева ҳам 23 январ куни ўша хонадонда ўлдирилгани маълум бўлган. Уларнинг жасадлари бўлакларга ажратилиб, Истанбулнинг турли туманларидаги чиқинди қутиларига ташланган.